10 май куни Қорақалпоғистон (Ўзбекистон таркибидаги суверен республика) Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати «Олға Қорақалпоғистон» партияси етакчиси Аманбай Сагидуллаев ва Манғистау вилояти қорақалпоқ этник-маданий бирлашмаси раисига нисбатан сиртдан ҳукм чиқарди. Қозоғистонлик Ниетбай Ўразбаев, тергов маълумотларига кўра, ўтган йилнинг июль ойида Нукусдаги тартибсизликларда иштирок этган. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар беради.
«Судланувчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлганлиги ва уларни судга келтириш имкони йўқлиги боис ушбу жиноят иши бўйича суд муҳокамаси А. Сагидуллаев ва Н. Уразбаевнинг иштирокисиз ўтказилди», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Сагидуллаев Норвегияда, Ўразбаев эса Қозоғистонда яшайди.
Аманбай Сагидуллаев қуйидаги жиноятларни содир этгани учун 18 йилга озодликдан маҳрум этилди:
👉 158-модданинг 3-қисми ( «Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш»);
👉 159-модданинг 1 ва 4-қисмлари («Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилиш);
👉 244-модданинг 3-қисми («Қурол ёки қурол сифатида фойдаланиладиган бошқа нарсаларни ишлатиб ёхуд ишлатиш билан қўрқитиб шахсга нисбатан зўрлик ишлатиш, қирғин солиш, ўт қўйиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш орқали содир этилган оммавий тартибсизликлар ташкил қилиш, шунингдек, оммавий тартибсизликларда фаол қатнашиш);
👉 244-1-модда 3-қисмининг «а» ва «г» бандлари («олдиндан тил бириктирган ҳолда бир гуруҳ шахслар томонидан, ОАВ ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернетдан фойдаланиб жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш»).
Суд қарорига кўра, маҳкум дастлабки икки йилни қамоқхонада, қолганини умумий режимли колонияда ўташи керак.
Ниетбай Ўразбаев қуйидаги моддалар бўйича жиноят содир этганликда айбдор деб топилди:
👉 159-модданинг 4-қисми («Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш»);
👉 244-модданинг 3-қисми («Қурол ёки қурол сифатида фойдаланиладиган бошқа нарсаларни ишлатиб ёхуд ишлатиш билан қўрқитиб шахсга нисбатан зўрлик ишлатиш, қирғин солиш, ўт қўйиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш орқали содир этилган оммавий тартибсизликлар ташкил қилиш, шунингдек, оммавий тартибсизликларда фаол қатнашиш»);
👉 244-1-модда 3-қисмининг «а» ва «г» бандлари («олдиндан тил бириктирган ҳолда бир гуруҳ шахслар томонидан, ОАВ ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернетдан фойдаланиб жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш»).
Унга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.
Шунингдек, судланувчиларнинг айбидан Жиноят кодексининг 28,104-моддаси 3-қисми «а» банди (ушбу харакатлар Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми билан қамраб олинганлиги сабабли) чиқарилди, дейилади Олий суд хабарида.
Бундан ташқари, суд қарори билан Сагидуллаевнинг интернетдаги саҳифалари ва каналлари Ўзбекистон ҳудудида блокланади.
ℹ️ Сагидуллаев Норвегияда яшайди. У Ўзбекистонни 2011 йилда тарк этган. Аввалига Қирғизистонга бориб, у ерда беш йил бошпана сўраган, 2016 йилда эса Норвегияга кўчиб ўтган ва у ерда қочқин мақомини олган. У суверен республикани Ўзбекистондан ажратиш тарафдори бўлган “Алға Қорақалпоғистон” мухолифат партиясини бошқаради.
ℹ️ Ўразбаев асли Қорақалпоғистоннинг Ходжейли шаҳридан. У Қозоғистон фуқароси, «Аллаяр жоли» қорақалпоқ этник-маданий бирлашмасига раҳбарлик қилади, Қозоғистон халқлари ассамблеясига аъзо. 2022 йил октабрь ойида Ўзбекистон ҳукумати уни Нукус воқеалари иши бўйича қидирувга берган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил июль ойи бошида Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясига республика суверенитетидан маҳрум қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтган эди. Тартибсизликлар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар ҳам яраланган.
Бу ишда жами 171 киши айбланмоқда. Ноябрдан мартга қадар иккита суд жараёни бўлиб ўтди, унда айбланувчилар 3 йилдан 16 йилгача қамоқ жазосига, баъзилари эса бир неча йилга озодликни чеклаш жазосига маҳкум қилинди.