Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг 10 май куни бўлиб ўтган йиғилишида мамлакатда муддатидан илгари президентлик сайлови бўйича сайлов кампанияси бошлангани эълон қилинди ва номзодларни рўйхатга олиш ҳужжатлари 17 майдан 1 июнга қадар қабул қилиниши тушунтирилди.
МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоровнинг айтишича, республикада рўйхатдан ўтган сиёсий партиялар ўз ваколатли вакилларини рўйхатдан ўтказиш учун 13 майга қадар ариза беришлари керак. Тегишли ҳужжатлар 15 майгача комиссияга топширилиши керак.
Сайловда иштирок этиш учун партиялар томонидан номзодлар кўрсатиш 17 май – 1 июнь кунларига белгиланган.
Рўйхатга олиш 6 июнь куни якунланиши керак, дея хулоса қилди МСК вакили.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, фақат сиёсий партиялар президентликка номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга. Ҳозирда республикада бешта шундай уюшмалар мавжуд:
✅ Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси;
✅ Ўзбекистон Халқ демократик партияси;
✅ «Миллий тикланиш» демократик партияси;
✅ «Адолат» социал-демократик партияси;
✅ Ўзбекистон Экология партияси.
Мирзиёев 8 май куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, суд ва ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари, шунингдек жамоатчилик вакиллари иштирокида референдум якунларига бағишланган йиғилишда президентлик сайлови муддатидан олдин ўтказилишини маълум қилди.
Ўша куни у 2023 йил 9 июлда муддатидан илгари сайлов ўтказилиши тўғрисидаги фармонни имзолади.
ℹ️ Ўзбекистонда сўнгги президент сайлови 2021 йил 24 октабрь куни бўлиб ўтди. Номзодлар мамлакатда рўйхатга олинган барча бешта сиёсий партиядан илгари сурилди. МСК маълумотларига кўра, овоз беришда умумий сайловчиларнинг 80,4 фоизи иштирок этган. Шавкат Мирзиёев 80,12 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.