Ўзбекистонда ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этадиган терма жамоа таркиби аниқланди

Ўзбекистонлик ёш футболчилар. championat.asia. сайти фотосурати

Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров Аргентинада бўлиб ўтадиган U-20 жаҳон чемпионатига йўл оладиган жамоа таркибини аниқлади. Футболчилар номи Республика Миллий олимпия қўмитасининг расмий сайтида эълон қилинган.

Терма жамоа таркибида 21 нафар футболчи, жумладан, Ўзбекистондан ташқарида тўп сураётган икки нафар футболчи: Минскнинг «Энергетик-БГУ» клуби ҳимоячиси Абдуқодир Хусанов ва Қозоннинг «Рубин» клуби ярим ҳимоячиси Умарали Раҳмоналиевлар бор. Шунингдек, Тошкентнинг «Пахтакор» жамоасининг саккиз нафар футболчиси бир йўла жаҳон чемпионатига йўл олади.

Transfermarkt маълумотларига кўра, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг нархи 2,08 миллион еврога баҳоланмоқда. Энг қиммат футболчи Раҳмоналиев (350 минг евро). Хусанов ва «Пахтакор» ҳужумчиси Аббосбек Файзуллаев 300 минг еврога баҳоланмоқда.

Ўзбекистон терма жамоаси таркиби. olympic.uz сйти фотосурати

8 май куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Мадриддаги йиғинга йўл олди. Кейин терма жамоа Испаниядан Уругвайдаги навбатдаги йиғинга, у ердан эса жаҳон чемпионати ўтказиладиган Аргентинага йўл олади. Равшан Ҳайдаровнинг шогирдлари илк учрашувни 20 май куни турнир мезбонларига қарши ўтказади. Гватемала ва Янги Зеландия терма жамоалари ҳам ўзбекистонликлар тўп сурадиган А гуруҳидан жой олди.

Дастлаб жаҳон чемпионати Индонезияда ўтказилиши керак эди, бироқ бу мамлакатда Исроил терма жамоасининг турнирдаги иштироки билан боғлиқ норозилик туфайли мусобақа Аргентинага кўчирилди. Турнир 20 майдан 11 июнга қадар бўлиб ўтади, унда 24 та жамоа иштирок этади. Амалдаги ғолиб ЖЧ-2019 финалида Жанубий Кореяни мағлуб этган Украина терма жамоаси ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ