Пахтачи туманидаги газ шаҳобчасидаг портлаш. Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурат
9 май куни кечқурун Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги газ қуйиш шохобчасида ёнғин чиқиб, кучли портлаш содир бўлган. Ҳодиса оқибатида бир киши жабрланди, деб хабар қилади Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.
Ёқилғи қуйиш ҳудудида портлаш содир бўлганлиги ҳақидаги маълумот маҳаллий қутқарувчиларга соат 21:25 да келиб тушган. Беш дақиқадан сўнг воқеа жойига бешта экипаж етиб келган. Орадан бир ярим соат ўтиб, соат 23:00да ёнғин ўчирилган.
ФВВ дастлабки маълумотларига кўра, ҳодиса шахобчадаги MAN русумли суюлтирилган газ ташувчи автомашинадан газни заҳира сиғимига бўшатиш жарёнида техника хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши оқибатида юзага келганлиги тахмин қилинмоқда.
Ҳодиса оқибатида бир жабрланувчидан ташқари учта Isuzu русумли автомашина ва уларга ўрнатилган 50 литрли суюлтирилган газ баллонлари ёниб кетган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида бир нафар фуқаро тан жароҳати олган. Ҳозирда вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
2020 йили Тожикистонда ҳам худди шундай воқеа содир бўлганди. Ёқилғи қуйиш шохобчаси ходимлари ёқилғи ташувчи автомашинадан цистернага ёнилғи қуйиш чоғида хавфсизлик қоидаларини бузганлиги сабаб ёнғин келиб чиққан. Олов ўн тоннали газ бакига туташган ва бу портлашни келтириб чиқарган. Оқибатда саккиз киши, жумладан, тўрт нафар ўт ўчирувчи енгил куйиш жароҳатлари олган.