Эроннинг «Арак» қамоқхонасида махбуслар — Юсуф Меҳрад (Yousef Mehrad) ва Садроллу Фазели Заре (Sadrollah Fazeli Zare) дорга осилган. The Guardian нашрининг 8 май куни Ислом Республикаси суд органлари баёнотига таяниб ёзишича, улар «Муҳаммад С.А.В ни ҳақорат қилиш ва атеизмни тарғиб қилиш»да айбдор деб топилган.
Қайд этилишича, эркаклар 2020 йил май ойида «Хурофот ва дин танқиди» Telegram- каналига алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган. Тўғри, суд қачон бўлиб ўтгани ва ўлим ҳукми қачон эълон қилингани айтилмаган.
Шу билан бирга, нашрнинг таъкидлашича, ўтган йил кузида мамлакатни қамраб олган ҳукуматга қарши оммавий акциялардан сўнг Эронда қатл этилганлар сони кескин ошиб кетган. Намойишларга 1979 йилги Ислом инқилобидан сўнг ҳукуматнинг Эрон жамиятига татбиқ этаётган ислом динининг кескин талқинлари сабаб бўлган.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, жорий йил бошидан буён мамлакатда 203 та ўлим жазоси ижро этилган. Таққослаш учун, Эронда ўтган йили камида 582 та, 2021 йили эса 333 та қатл амалга оширилган.
Ўтган йил охирида ҳукуматга қарши намойишларда қатнашгани учун камида тўрт киши ўлимга ҳукм қилинган эди.
Таъкидлаш жоиз, Amnesty International ҳуқуқ ҳимоячилари Эрон ўлим жазолари сони бўйича Хитойдан кейин иккинчи ўринда туришини таъкидламоқда.