Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови 9 июлга тайинланди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати архив фотосурати

Ўзбекистонда муддатидан илгари президентлик сайлови 2023 йил 9 июлга тайинланди. Тегишли фармонни Шавкат Мирзиёев 8 май куни имзолади.

Давлат раҳбарининг фармонида муддатидан илгари давлат раҳбари сайловини ўтказиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Конституциясининг 110 ва 128-моддалари, шунингдек, республика Сайлов кодексининг 66-моддаси асосида қабул қилингани қайд этилган.

Мирзиёев 8 май куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, суд ва ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирокида референдум якунларига бағишланган йиғилишда муддатидан илгари президентлик сайлови ўтказилишини эълон қилган эди.

Буни бир қанча сабаблар, хусусан, Асосий Қонунга мувофиқ, давлат ҳокимиятининг барча тармоқлари ислоҳ қилинаётгани, улар ўртасидаги муносабатлар ва мутаносиблик жиддий ўзгариб бораётгани билан изоҳлади. Бундан ташқари, Президент таъкидлаганидек,

давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи халқ бўлганлиги сабаб, мамлакатга раҳбарликни «фақат халқимиз ишонган раҳбарга» ишониб топшириш мақсадга мувофиқдир.

6 май куни президент бир қатор қонун ҳужжатларига, жумладан Сайлов кодексига ўзгартиришлар киритувчи конституциявий қонунни имзолади. Унда Президент, Қонунчилик палатаси депутатлари ва Олий Мажлис Сенати аъзолари учун муддатидан олдин сайловларни ўтказишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилган. Ҳужжатга кўра,

давлат раҳбари муддатидан илгари Президент сайловини тайинлаганда, у икки ой муддатда ўтказилади.

Сайлов Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов ўтказилишидан камида бир ой олдин тайинланади.

ℹ️ Ўзбекистонда сўнгги президент сайлови 2021 йил 24 октабрь куни бўлиб ўтди. Номзодлар мамлакатда рўйхатга олинган барча бешта сиёсий партиядан илгари сурилди. МСК маълумотларига кўра, овоз беришда умумий сайловчиларнинг 80,4 фоизи иштирок этган. Шавкат Мирзиёев 80,12 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ