Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев муддатидан илгари давлат раҳбари сайлови ўтказилишини эълон қилди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Бу ҳақда 8 май куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, суд ва ижроия ҳокимияти органлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган референдум якунларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
«Нима учун қолган уч ярим йиллик Президентлик муддатидан ўз ташаббусим билан воз кечаяпман?
Чунки, ўзингиз кўриб турибсиз, Асосий қонунимизга мувофиқ, биринчидан, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгармоқда.
Иккинчидан, янгиланган Конституциямиз Президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни қўймоқда.
Учинчидан, халқимиз биздан барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутмоқда.
Тўртинчидан, дунёда ва минтақамизда кескин ва мураккаб жараёнлар ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда тўғри ва самарали ривожланиш йўлини излаб топиш ва уни амалга ошириш энг ўткир ва долзарб масалага айланмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.
Асосий қонунда халқ – давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканини инобатга олиб, «янгиланган давлат ҳокимияти тизимида халқимиз ўзи ишонган раҳбарга мандат бериши мақсадга мувофиқ» дея таъкидлади президент.
Мирзиёев сайлов тўлиқ қонун талаблари асосида, очиқ ва ошкора ўтишига ишонтирди.
6 май куни президент бир қатор қонун ҳужжатларига, жумладан Сайлов кодексига ўзгартиришлар киритувчи конституциявий қонунни имзолади. Унда Президент, Қонунчилик палатаси депутатлари ва Олий Мажлис Сенати аъзолари учун муддатидан олдин сайловларни ўтказишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилган. Ҳужжатга кўра,
давлат раҳбари муддатидан илгари Президент сайловини тайинлаганда, у икки ой муддатда ўтказилади.
Сайлов Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов ўтказилишидан камида бир ой олдин тайинланади.
ℹ️ Ўзбекистонда сўнгги президент сайлови 2021 йил 24 октабрь куни бўлиб ўтди. Номзодлар мамлакатда рўйхатга олинган барча бешта сиёсий партиядан илгари сурилди. МСК маълумотларига кўра, овоз беришда умумий сайловчиларнинг 80,4 фоизи иштирок этган. Шавкат Мирзиёев 80,12 фоиз овоз тўплаган.