Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва унинг Қатарлик ҳамкасби Султон бин Саад Ал-Мурайхий 7 май куни Тошкентда араб давлатининг элчихонасини очди, деб хабар беради Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.
Саидов дипломатик миссиянинг очилиш маросимида сўзга чиқиб, Ўзбекистон Қатарни араб дунёсидаги ишончли ва истиқболли ҳамкор деб билишини таъкидлади. Ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра,
Тошкентда элчихонанинг очилиши мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларни бойитишга хизмат қилади.
Шу куни дипломатик идоралар вакиллари ўртасида учрашув бўлиб, унда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, сиёсий мулоқот, савдо ва сармоявий алоқаларни ривожлантириш, маданий-гуманитар ва сайёҳлик алмашинуви масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги мавзулар, хусусан, Афғонистондаги вазият муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги муносабатлар сўнгги бир неча йил ичида мустаҳкамланиб бормоқда. 2021 йили икки томонлама ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси 12 та ҳужжатдан иборат эканлиги маълум қилинди. Туризм соҳасидаги ҳамкорлик фаол ривожланмоқда – ўша йили қатарликлар учун Ўзбекистонга киришда 10 кунлик визасиз режим жорий қилинди.
Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон ва Қатар вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди, унда томонлар Савдо-иқтисодий ва техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилишини ва қўшма бизнес-форумни Тошкентда ўтказишга келишиб олдилар.
Бундан ташқари, бир қатор қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш, жумладан Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида бўғ-газли электр станцияларини қуриш, шунингдек Qatar Airways авиакомпанияси томонидан Тошкент ва Доҳа ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни ташкил этиш ҳақида сўз юритилди. Зеро, бу туристлар оқими ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга хизмат қилади.