Ўзбекистон президентининг қарори билан 1 майдан туризм бизнесига қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича имтиёзлар берилди.
2024 йил 1 июлга қадар тажриба тариқасида туроператор хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига улар томонидан 5 нафар ва ундан ортиқ норезидентларга хизматлар кўрсатишни назарда тутувчи турпакетлар (жойлаштириш, автомобиль ёки темир йўл транспорти, экскурсия ва овқатланиш бўйича хизматлар қамраб олинган) бўйича чет эллик ҳамкорларига тақдим этилган ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган қўшилган қиймат солиғининг 20 фоиз миқдоридаги маблағлар республика бюджетидан субсидия сифатида қайтарилади.
2026 йил 1 майга қадар маҳаллий туроператорлар, туризм соҳасида жойлаштириш хизматларини кўрсатувчи ёки автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ўз фаолиятида йўловчиларни ташишда фойдаланиладиган ва ҳайдовчи билан бирга ўн ва ўндан ортиқ ўриндиққа эга бўлган ҳамда ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ортиқ бўлмаган транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда қўшилган қиймат солиғини фоизлар ҳисобланмаган ва уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 12 ой муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.
Худди шу қарор билан мамлакатда туризмни ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари, мавжуд ресурслар ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, шунингдек, туризм соҳасидаги мавжуд муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш бўйича «йўл харитаси» ва бошқа ҳужжатлар тасдиқланди.
Қарорда шунингдек:
👉 мамлакатда туризмни ривожлантириш бўйича республика ишчи гуруҳини тузиш
👉 ОТМларнинг туризм салоҳиятини оширишга ёрдам бериш учун ҳудудларга ажратиш;
👉 2023 йили Ўзбекистон сайёҳлик маҳсулотларини ташқи туризм бозорларида илгари суриш учун 50 миллиард сўм (тахминан 4,4 миллион доллар) ажратиш;
👉 туризм соҳаси субъектларининг айланма маблағлари ва инвестицияларини кўпайтириш учун қўшимча 300 миллиард сўмлик (26 миллион доллардан ортиқ) кредит линияларини очиш;
👉 «Саёҳат барча учун!» лойиҳаси доирасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг республика бўйлаб саёҳатларини ташкил этиш. 2023 йили Хоразм, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида 500 нафар имконияти чекланган шахсни лойиҳа доирасида қамраб олиш, 100 нафар сурдо-гидларни тайёрлаш режалаштирилган.
Туроператорлар 1 майдан бошлаб сайёҳларни Қамчиқ довони, Жиззах вилояти довонлари ва Бўстонлиқ вилоятининг тоғли ҳудудлари орқали микроавтобусларда мунтазам равишда ташишни амалга ошириши мумкин.
Бунда, фақат 1 апрелдан 1 ноябрга қадар бўлган даврда кундузи, ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган ва газ баллон ускуналари ўрнатилмаган, секинлаштирувчи ускунаси (тоғ тормози) мавжуд бўлган ҳамда ҳаракатни кузатиш навигация қурилмаси ва тахограф ўрнатилган транспорт воситаларида камида 7 йил стажи бор ҳайдовчиларга автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш фаолияти учун лицензия мавжуд бўлган тақдирда қатновни амалга оширишга рухсат берилади.