Мирзиёев сайёҳлар учун талабгир шаҳарларга авиачипталар нархини икки баробарга камайтириш бўйича топшириқ берди

Uzbekistan Airports Telegram-канали фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Транспорт вазирлигига Тошкентдан Ўзбекистоннинг қатор шаҳарларига икки бараваргача пасайтирилган тарифларда парвозларни ташкил этиш бўйича топшириқ берди. 4 май куни эълон қилинган туризм салоҳиятини ривожлантиришни жадаллаштиришга доир қарорда мамлакат пойтахтидан Нукус, Урганч, Бухоро, Қарши ва Самарқандга парвозлар назарда тутилган.

Мирзиёев Фарғона, Наманган ёки Андижондан Бухоро, Самарқанд, Термиз, Урганч, шунингдек, Термиз — Нукус, Самарқанд — Урганч, Бухоро — Урганч, Фарғона — Урганч йўналишлари бўйича мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш вазифасини қўйди.

Транспорт вазирлигига бир ҳафта муддатда «Самарқанд» халқаро аэропортида жорий этилган «Очиқ осмон» режими доирасида хорижий авиакомпаниялар учун рейслар ва йўналишларга бўлган чекловларни олиб ташлаш ҳамда «бешинчи ҳаво эркинлиги»ни қўллаш топширилди.

Янги ташкил этилган резидент авиакомпанияларга хорижий йўналишларда парвозларни амалга ошириш учун квоталарнинг ажратилишини таъминлайди.

1 октябрга қадар «Урганч» ва «Бухоро» аэропортларининг ҳар бири бўйича давлат-хусусий шериклик шартлари асосида модернизация қилиш ва бошқарувга бериш бўйича алоҳида танловлар эълон қилади.

Фармоннинг асосий адресатларидан бири — ички юк ташишга ихтисослашган Silk Avia компаниясидир. У Uzbekistan Airports давлат акциядорлик компаниясининг «шўъба»си бўлиб, нафақат пойтахтни вилоятлар, балки вилоятларни ҳам ўзаро боғловчи биринчи минтақавий арзон авиакомпания ҳисобланади. Янги авиаташувчи жорий йилнинг апрель ойи охирида илк парвозини амалга оширди.

Эслатиб ўтамиз, авваллари Ўзбекистондаги ягона авиакомпания Uzbekistan Airways МАК эди. 2018 йили Шавкат Мирзиёев уни қайта ташкил этиш ва рақобат муҳитини яратиш бўйича топшириқ берган эди. 2021 йили Ўзбекистонда илк хусусий Qanot Sharq авиаташувчиси парвоз қила бошлади. Шу билан бирга, Silk Avia ва хусусий Panorama Airways ташкил этилди. 2022 йил апрель ойида Fly Khiva, декабрь ойида Air Samarkand жорий йилнинг январь ойида Centrum Air тақдимоти бўлиб ўтди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ