Қозоғистон фуқароси Россияда ҳарбий комиссариат биносига ўт қўйгани учун 13 йилга озодликдан маҳрум этилди

Молотов коктейли. pochemu-tak-nazyvaetsya.ru сайти фотосурати

Омск шаҳридаги 1-Шарқий округ ҳарбий суди ҳарбий комиссариат биносига ўт қўйган Қозоғистон фуқароси Ансаган Молдахметовни 13 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Kommersant нашри хабар берди.

Молдахметов Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» банди («Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан келишиб террорчилик ҳаракатини содир этиш») билан айбдор деб топилиб, 13 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилинган. У жазонинг дастлабки уч йилини қамоқда ўтказади.

Иш материалларида айтилишича, Молдахметов ва унинг қозоғистонлик шериги Омск Марказий ва Совет маъмурий округи ҳарбий комиссариат биносига бир нечта «Молотов коктейли» ташлаган. Ёнғин майдони тахминан 10 квадрат метрни ташкил этган. Молдахметов Федерал хавфсизлик хизмати ва Омск вилояти Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳибсга олинган, унинг шериги қочишга муваффақ бўлган. У қидирувга берилган.

Тергов жараёнида айбланувчи мессенжернинг аноним фойдаланувчисидан 6 миллион тенге (13,36 минг доллар) мукофот эвазига ҳарбий комиссариат биносига ўт қўйиш таклифини олганини айтган. Судланувчи мижоздан «молотов коктейли» тайёрлаш бўйича кўрсатма олган.

ФХХ Омск вилояти бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, ўт қўйиш «ижроия ҳокимияти фаолиятини беқарорлаштириш ва Украинадаги махсус ҳарбий операцияда иштирок этиш учун кўнгиллиларни ёллаш кампаниясини бузиш» учун мўлжалланган.

2022 йил февраль ойида Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция бошланганидан кейин ва сентябрь ойида Россия Федерациясида қисман сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг, Россиянинг турли ҳудудларида ҳарбий комиссариат биноларига ўт қўйиш бошланди. Ўнлар бинеоларга ўт қўйилган. Ҳатто Wikipediaда «Россияда ҳарбий комиссариат ва маъмурий биноларга ўт қўйилиши» номли алоҳида мақола пайдо бўлди. Унда Россия МҲО бошлашганидан сўнг ёндириб юборилган ҳарбий комиссариат биноларига доир материаллар жамланган. Май ойининг бошида мақолада ўт қўйиш билан боғлиқ 110 та факт қайд этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ