Ўзбекистон АҚШ Глобал сейсмографик тармоғига уланди

АҚШ элчихонаси матбуот хизмати фотосурати

3 май куни Ўзбекистонда АҚШ (Global Seismographic Network, GSN) Глобал сейсмографик тармоғи таркибига кирувчи сейсмик станциянинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Американинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

Станция Жиззах шаҳри яқинидаги Қорасой қишлоғида ўрнатилди. Очилиш маросимида лентани АҚШ элчиси Жонатан Хеник ва Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Мухтор Мухитдинов кесди.

«Станция Ўзбекистон ва Марказий Осиёда жаҳон сейсмик фаоллигини яхшироқ тушуниш учун яратилган. Станциядан олинган маълумотлар зилзилалар жойини аниқлаш ва улар келтириб чиқарадиган хавфларни камайтириш учун ишлатилиши мумкин, бу эса жамоат хавфсизлиги ва фундаментал фан учун муҳимдир», — дейилади дипмиссия хабарида.

Жиззах вилоятида қўшма сейсмик станция яратиш лойиҳаси 2020 йил охирида бошланган эди. Уни амалга оширишда Республика Сейсмологик башорат ва мониторинг маркази, Сан-Диегодаги Калифорния университети (UCSD) ва Бирлашган сейсмология тадқиқот институтлари IRIS иштирок этди.

Лойиҳа доирасида 2022 йил декабрь ойида Қўшма Штатлар Ўзбекистонга сейсмик маълумотларни ёзиб олувчи ускунани топширди. АҚШ Энергетика вазирлигининг Сейсмик ҳамкорлик дастури мутахассислари томонидан Ўзбекистон Миллий университети талабалари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш вазирликлари ходимлари ва сейсмологларга сейсмик хавфни эҳтимолий таҳлил қилиш усуллари бўйича тренинглар ўтказилди. Сейсмик хавфларнинг қурилиш нормалари ва қоидаларига, шунингдек зилзила хавфини баҳолаш усулларига таъсирига алоҳида эътибор қаратилди.

ℹ️ Глобал сейсмографик тармоқ (GSN) – бу http://ds.iris.edu/seismon/index.phtml сайти орқали реал вақт режимидаги маълумотларга бепул, очиқ киришни таъминлайдиган дунё бўйлаб тарқалган 152 станциядан иборат замонавий рақамли сейсмик тармоқ ҳисобланади. Тармоқ АҚШ Миллий Илм-фан Жамғармаси (NSF) ва Америка Геология хизмати (USGS) томонидан бошқарилади. GSN асбоблари барча мумкин бўлган сейсмик тебранишларни юқори аниқлик билан ўлчайди ва қайд этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ