Мирзиёевнинг Берлинга ташрифи Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазма очилиши билан якунланди

Франк-Вальтер Штайнмайер ва Шавкат Мирзиёев Жеймс Симон галареясида. president.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Берлин шаҳрида «Ўзбекистоннинг археологик хазиналари. Македониялик Искандардан Кушонлар салтанатигача» номли ноёб кўргазмани очдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Кўргазма Жеймс Саймон галереясида ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси, хусусан Ўрта Осиёда милоддан аввалги 6 асрдан то эрамизнинг 4 асригача мавжуд бўлган давлатлар тарихига бағишланган.

2024 йил 14 январь кунига қадар давом этадиган кўргазмада Берлин давлат музейлари тўпламларидан 65 та ва Ўзбекистон музейлари тўпламларидан 285 та экспонат намойишга қўйилган. Уларнинг кўпи мамлакат ташқарисида илк бор кўрсатилмоқда.

Бу ердаги дурдоналар орасида Кушон салтанатининг Далварзинтепа ва Ҳолчаён қўрғонларидан топилган аслзодалар, аскар ва бадавлат аёллар ҳайкаллари бор.

Кўргазманинг ўтказилиши ҳақида Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг 2019 йил майдаги Ўзбекистонга ташрифи чоғида келишилган эди.

Қарийб тўрт йил давомида икки мамлакат археологлари, тарихчилари, санъатшунослари ва музей ходимлари тадбирни ташкиллаштириш устида фидокорона меҳнат қилди. Германиялик мутахассислар иштирокида 50 га яқин энг қимматли осори-атиқалар реставрация қилинди.

Шавкат Мирзиёевнинг Германияга расмий ташрифи 2—4 май кунлари бўлиб ўтди. Шу вақт ичида Ўзбекистон президенти Штайнмайер ва Федерал канцлер Олаф Шольц билан музокаралар ўтказди, Германиянинг етакчи компания ва молия институтлари раҳбарлари билан суҳбатлашди.

Учрашувларда муносабатларни ривожлантиришнинг ижобий динамикаси қайд этилди, савдо-иқтисодий, сармоявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш, хавфсизлик соҳаси масалалари кўриб чиқилди, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.

Германия томони минтақавий ўзаро боғлиқлик лойиҳаларини, жумладан, Европа Иттифоқининг Global Gateway ташаббуси доирасида қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, ташриф давомида иқтисодиёт, савдо, молия, таълим, фан ва инновациялар соҳаларида 16 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат имзоланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ