Назарбоев жиянининг собиқ рафиқаси ўзбошимчалик ва одам ўғирлашда айбланиб, етти йилга қамалди

Гулмира Сатибалди. ratel.kz сайти фотосурати

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев жиянининг собиқ рафиқаси Гулмира Сатибалди 7 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳукм 4 май куни Остона судида чиқарилди, деб ёзади Zakon.kz.

Сатибалди Қозоғистон Жиноят кодексининг 389-моддаси 4-қисми («Оғир оқибатларга олиб келган ўзбошимчалик»), 125-модда 2-қисми 1 ва 8-бандлари («Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, ғараз ниятда одам ўғирлаш») бўйича айбдор деб топилди. Биринчи моддага кўра, у олти йилга, иккинчисига кўра — етти йилга озодликдан маҳрум этилди. Жиноят кодексининг 58-моддасига кўра, енгилроқ жазо оғирроқ жазо билан қўшилади, шунинг учун охирги жазо етти йил қамоқ жазоси ҳисобланади.

Ўзбошимчалик ва одам ўғирлаш иши бўйича яна икки судланувчи ҳам айбдор деб топилди: Сатибалдининг ёрдамчиси ва ҳайдовчиси Мади Ботиршаев етти йилга, одам ўғирлашнинг бевосита айбдори Рашид Ўтебеков беш йилга озодликдан маҳрум этилди.

Гулмира Сатибалди 2022 йил март ойи ўрталарида ўзининг собиқ эри, Қозоғистон биринчи президентининг катта жияни Қайрат Сатибалди билан бирга ҳибсга олинган эди, у ўтган йил январь воқеаларига қадар мамлакатдаги энг нуфузли тадбиркорлардан бири бўлган. Аёл қурилиш учун ажратилган бюджет маблағларини ўзлаштириш, қатор корхоналарнинг улушлари ва мулкларини ноқонуний ўзлаштириш, шунингдек одам ўғирлашда гумон қилинган.

Айбловга кўра, Сатибалди тадбиркор Турсен Алагузовни ўзининг Galanz bottlers компанияси акцияларининг 43 фоизидан воз кечишга мажбурлаган, ундан «Maxi чай» савдо белгисини Maxi Bottlersга олиб ўтган, сўнг уни ходими Ойгул Мекешева номига расмийлаштирган. Мекешевага компанияни дефолтдан чиқариш топширилади, бунинг учун улар Galanz bottlers акцияларининг 5 фоизини ваъда қилишади. Мекешева топшириқни бажаргач, уни ўғирлаб кетишади ва компанияни Гулмира Сатибалдининг ишончли вакилларига қайта рўйхатдан ўтказишга мажбур қилишади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ