Ўзбекистон-Германия бизнес-форумида умумий қиймати 9 миллиард долларлик битимлар имзоланди

Шавкат Мирзиёев ва Олаф Шольц. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон-Германия бизнес-форумида умумий қиймати 9 миллиард долларлик савдо, сармоявий ва технология шартномалари имзоланди, деб хабар қилди 2 май куни давлат ташрифи билан Берлинга келган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг матбуот хизмати.

Шу куни Германия пойтахтида бизнес-форум бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг йирик компаниялари, холдинг ва саноат корхоналари, банклари, вазирликлари, идоралари ва саноат бирлашмаларининг 250 нафардан ортиқ раҳбарлари иштирок этди.

Форумда сўнгги беш йил ичида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми икки баробарга ошгани, 2022 йили эса биринчи марта 1 миллиард евродан ошгани қайд этилди. 2017 йилдан буён ўзлаштирилган немис инвестицияларининг умумий миқдори 11 баробар ошган ва 4 миллиард евродан кўп бўлган.

Тадбирда «яшил» энергетика, тоғ-кон саноати, кимё, фармацевтика саноати, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, инновациялар ва бошқа устувор йўналишларга оид келишувлар имзоланди.

Томонлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг KfW банк, Дойче-банк ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти билан кенг кўламли ҳамкорлиги тўғрисида келишиб олдилар. Улар Германия компанияларининг Марказий Осиё Республикасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди.

Шавкат Мирзиёев ва Германия федерал канцлери Олаф Шольц музокараларида бизнес-форум юксак баҳоланди. Германия ҳукумати Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишини ҳамда Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имкон қадар тез имзолашини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирилди.

Музокаралар чоғида Шольц ва Мирзиёев қуйидаги масалалар бўйича келишиб олдилар:

👉 «Германия — Марказий Осиё» форматида мулоқот майдонини ишга тушириш;

👉 Марказий Осиёни Европа билан боғловчи Транскаспий йўлагини ривожлантириш;

👉 Германия ҳукуматининг техник кўмагида Ўзбекистон ҳудудларида немис тилини ўрганишни кенгайтириш;

👉 Афғонистон билан боғлиқ гуманитар лойиҳаларни, жумладан, Термиз шаҳрида логистика маркази ва Афғонистон ёшлари учун таълим маркази имкониятлари орқали давом эттириш.

Ташриф чоғида иқтисодиёт, савдо, молия, таълим, фан ва инновациялар соҳаларида кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича ҳукуматлараро декларация ҳамда яна ўнлаб ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди.

ℹ️ Шавкат Мирзиёевнинг Германияга ташрифи 3 май куни якунланади. Ташриф дастурига кўра, у Федерал Президент Франк-Вальтер Штайнмайер билан икки томонлама учрашув ўтказади, Германия ишбилармонлари раҳбарлари билан суҳбатлашади ва Берлиндаги Янги музей ва Жеймс Симон галереясида очиладиган «Ўзбекистоннинг археологик хазиналари. Александр Македонскийдан Кушонлар империясигача» номли кўргазма билан танишади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ