Amanat партиясидан Олмаота маслиҳати (кенгаши) депутати Анна Башинская ижтимоий тармоқларда кенг резонансга сабаб бўлган изоҳидан сўнг истеъфога чиқишини маълум қилди.
Deutsche Welle (РФда хорижий агент сифатида тан олинган) 29 апрель куни Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Қримни қайтариш режалари ҳақида сўзлаган пости остида Башинская шундай деб ёзган: «Яхшиси,Туркияга, жаноб Зеленский! У ерда йил давомида иссиқ».
Шу тариқа, Orda.kz нашрининг ёзишича, ўқувчилар, жумладан қозоғистонликларнинг норозилигига сабаб бўлган ва улар унинг мандатидан воз кечишини талаб қилишган. Бир неча соат ўтгач, Башинская ўз изоҳини ўчириб ташлаган ва изоҳ ўйламасдан ёзилганини айтиб, узр сўраган.
«Туркия ҳақида ёзганимда умуман буни назарда тутмагандим. Қардош турк халқидан узр сўрайман! Мен Украина ва Россия халқларига фақат тинчлик тилайман. Кечирасиз, бу менинг хатоим. Бу ҳолат ҳақида фикр билдиришга ҳаққим йўқ, бизнинг ўз юртимиз бор, мен депутат сифатида биринчи навбатда унинг фаровонлигини ўйлашим керак эди. Мен фуқароларимиз ва партия аъзоларидан узр сўрайман», — деб ёзади Башинская.
Олмаотадаги Amanat бўлими раиси Станислав Канкуров 2 май куни Башинскаянинг баёноти партия позициясига тўғри келмаслиги ва унинг хатти-ҳаракатлари тегишли партия органларида кўриб чиқилишини айтди.
«Мен партиянинг расмий позициясига тўлиқ қўшиламан. Мен ўзимнинг шахсий масъулиятимни тушуниб, депутатликдан кетишга қарор қиламан», — деб ёзди кейинроқ Анна Башинская.