Спорт шарҳловчиси, биатлон бўйича россиялик мутахассис Дмитрий Губерниев «Фарғона» нашрига берган интервьюсида Ўзбекистондаги спорт мухлисларининг биатлонга бўлган қизиқишидан ҳайратда эканини айтди.
«Бу ерда худди Россиядаги каби биатлон авжида экан. Самарқандда бўлган беш кун давомида жуда кўп одамлар ёнимга келиб, репортажлар учун миннатдорчилик билдиришди. Улар ҳатто россиянинг ички мусобақаларини ҳам томоша қилишаркан»,— деди Губерниев.
Мутахассис Ўзбекистон биатлон федерациясига хорижлик спортчини мамлакатдаги биатлонга эътибор қаратиши ва спорт билан шуғулланиши учун уни фуқароликка қабул қилишни тавсия қилди.
«Имкон даражада у юқори савияли спортчи бўлиши керак. Ўзбекистонлик биатлон раҳбарлари Россияга эътибор беришса, ҳайрон қолмайман. Албатта, ўз спортчиларингни етиштириш жуда қийин. Агар биатлончилар жаҳон чемпионатларида қатнашиш учун Ўзбекистон терма жамоасига «кўчирилмаса». Агар бу нарса содир бўлса, унда сизга омад тилайман», — деб таъкидлади Губерниев.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда қишки спорт турларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. 2017 йили хоккей, кёрлинг, фигурали учиш ва шорт-трек, чанғи спорти бўйича федерациялар тузишга қарор қилинди. 2020 йили қишки спорт турлари билан боғлиқ спорт ташкилотлари учун солиқлар камайтирилди. Ўзбекистонда «Амирсой» тоғ-чанғи мажмуаси, Тошкент шаҳридаги «Ҳумо Арена» муз саройлари, Самарқандда ICE ARENA барпо этилиб, болалар хоккей мактаблари барпо этилмоқда. Шу билан бирга, Пекинда бўлиб ўтган Қишки Олимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини биргина спортчи – чанғичи Комилжон Тўхтаев ҳимоя қилганди.
Дмитрий Губерниев байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича U-18, U-23 ва параканоэ бўйича Осиё чемпионатини шарҳлаш учун апрель ойи охирида Самарқандга келди.