ЕХҲТ кузатувчилари Ўзбекистондаги референдумда плюрализм йўқлигини таъкидлашди

Альберт Йонссон бошчилигидаги ДИИҲБ миссияси вакиллари. yuz.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири бўйича референдум ҳақиқий сиёсий плюрализм ва рақобат талабларига жавоб бермайдиган шароитларда ўтказилди. Бу ҳақда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) халқаро кузатувчилари маълум қилди.

ДИИҲБ миссияси плебисцит техник жиҳатдан яхши тайёрланганини ва турли ҳуқуқ ва эркинликларни кенгайтириш йўлидаги қадам сифатида кенг тарғиб қилинганини таъкидлади. Маслаҳатлашув жараёни одатда инклюзив бўлган, лекин баъзи нозик масалалар бўйича очиқ мунозаралар бўлмаган.

«[Конституцияга] ўзгартиришларга уюшган қаршиликлар бўлмади ва умуман референдум жараёни муқобил сиёсий қарашларни, асосий эркинликларни ҳурмат қилишни янада рағбатлантириш ва мустақил фуқаролик жамияти ривожланиши учун имкониятлар яратиш зарурлигини кўрсатди»,дейди кузатувчилар.

Ўзбекистон ДИИҲБнинг аввалги тавсияларини инобатга олган ва қонунчилик базасига баъзи техник яхшиланишлар киритилган, бироқ бу овоз бериш жараёнининг асосий жиҳатларини халқаро меъёрларга мувофиқ тартибга солиш учун етарли бўлмаган. Гап сайловолди ташвиқоти, уни молиялаштириш, сайловчиларга холис маълумот бериш, сайловолди ташвиқотида давлат органларининг иштироки ҳамда оммавий ахборот воситаларида мувозанатли ёритиш зарурлигини таъминловчи қоидалар ҳақида бормоқда.

«Сўнгги ислоҳотлар ижобий ўзгаришларга олиб келди, улар баъзи соҳаларни яхшилади, аммо улар ҳали ҳам ҳар турли қарашлар ҳисобга олинадиган ҳақиқий сиёсий плюрализмга олиб келмади. Сўз, йиғилиш ва уюшмалар эркинлиги каби асосий ҳуқуқлар тўлиқ таъминланиши учун ҳали кўп йўл босиш керак», — деди Миссия раҳбари Альберт Йонссон.

Жумладан, кузатувчилар қуйидагиларни таъкидладилар:

👉 мансабдор шахслар ва парламентдаги партияларнинг «ҳа» варианти учун ташвиқоти давлат ва партиянинг бўлиниши тамойилини шубҳа остига қўйиб, таклиф этилаётган ўзгаришларнинг расмий ҳукумат тарғиботига мос деб баҳоланди;

👉 жамоатчиликни сайловолди ташвиқоти тадбирларида иштирок этишга мажбурлаш учун босим ўтказиш ҳолатлари билан бир қаторда маъмурий ресурсларни суиистеъмол қилиш ҳам кенг тарқалгани қайд этилган;

👉 Оммавий ахборот воситаларида референдумнинг бутун мамлакат бўйлаб ёритилиши фақат ижобий тус олди, муқобил фикрлар бўлмади, ўз-ўзини цензура қилиш ҳамон кенг тарқалган;

👉 бир қатор баҳсли масалалар бўйича дебатлар бўлмаган;

👉 таклиф этилаётган тузатишлар Конституциянинг учдан икки қисмигача бўлган қисмига тааллуқли бўлса-да, улар битта пакетда овозга қўйилди ва сайловчилар ҳар бир алоҳида масала бўйича ўз танловини амалга ошириш имкониятига эга бўлмади;

👉 Референдумда бюллетенларни бирдан тўлдириш ҳоллари кузатилди, бу эса бутун жараённинг яхлитлигига путур етказди.

ℹ️ Ўзбекистондаги референдумни кузатиш бўйича ДИИҲБнинг чекланган миссияси 27 март куни бошланган ва 9 май куни якунланади. Миссия таркибига Тошкентда жойлашган асосий экспертлар гуруҳи ҳамда бутун мамлакат бўйлаб тақсимланган 14 нафар узоқ муддатли кузатувчилар киради.

Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири 1 майдан кучга кирди. 30 апрель куни бўлиб ўтган референдумда 15 миллиондан ортиқ киши, яъни сайловчилар умумий сонининг 90,21 фоизи мамлакат асосий қонунига ўзгартириш киритишни ёқлаб овоз берди, 9,35 фоизи – 1 миллион 558 817 киши қарши чиққан, шунингдек 73 642 бюллетен ҳақиқий эмас деб топилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ