Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири Марказий сайлов комиссияси 30 апрель куни бўлиб ўтган референдум натижаларини расман эълон қилган кундан бошлаб — 1 майдан кучга кирди.
Конституциявий қонунга кўра, янги Конституция нормалари тегишли қонунлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши ёки мавжудлигидан қатъи назар, бевосита амал қилади. Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда қонун ҳужжатларини Конституциянинг янги таҳририга мувофиқлаштириш чора-тадбирлари дастурини ишлаб чиқиш топширилди.
Янги таҳрир 1992 йил 8 декабрда тасдиқланган Конституция ўрнини эгаллайди, Конституция куни эса йилнинг сўнгги ойида нишонланиши давом этади.
Мамлакат Асосий қонунига 27 та янги модда қўшилди, натижада уларнинг сони 128 тадан 155 тага кўпайди. Конституциянинг 65 фоиз моддаларига ўзгартиришлар киритилди. Ўзгартишлар қаторида Ўзбекистон Президентининг ваколат муддатини беш йилдан етти йилгача ошириш, республика фуқаросини бошқа давлатга экстрадиция қилишни тақиқлаш, Конституциянинг бевосита амал қилиш тамойилини мустаҳкамлаш, ўлим жазосини тақиқлаш ва бошқалар ўрин олган.
Янги Конституциянинг тўлиқ матни билан МСК сайтида танишиш мумкин.
Ўзбекистон МСК маълумотларига кўра, 30 апрель куни бўлиб ўтган референдумда сайловчилар умумий сонининг 84,5 фоизи ёки 16,6 миллиондан ортиқ киши иштирок этди. Конституцияга киритилган ўзгартиришларни 90,21 фоиз ёки 15 миллиондан ортиқ киши қўллаб-қувватлади, 9,35 фоиз – 1 миллион 558 минг 817 киши қарши овоз берган, шунингдек 73 минг 642 бюллетен ҳақиқий эмас деб топилган.