Қозоғистон, Хитой, Арманистон ва Туркия каби дунёнинг 122 давлати вакиллари БМТнинг «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Европа Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик» резолюциясини қабул қилиш учун овоз берди. Беш давлат, жумладан Россия ва Беларусь вакиллари унга қарши овоз берди.
26 апрелда қабул қилинган резолюцияда БМТ ва Европа Кенгаши ўртасидаги узоқ йиллик ҳамкорлик, дунё мамлакатлари сўнгги йилларда дуч келган муаммолар, жумладан COVID- 19 пандемия ва Европадаги ҳозирги ҳарбий қарама-қаршилик ҳақида сўз юритилади.
Россия вакили овоз беришдан олдин ўз позициясини тушунтирар экан, унинг делегацияси резолюция лойиҳасини ҳозирги кўринишида қўллаб-қувватлай олмаслигини айтди, чунки унинг сўзларига кўра, ҳужжатнинг муаммоларга ҳеч қандай алоқаси йўқ ва у жуда сиёсийлашган.
«Бугунги кунда Европа олдида турган мисли кўрилмаган муаммолар [...] БМТ ва Европа Кенгаши ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни, хусусан суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва сиёсий мустақилликни ҳурмат қилиш асосида тинчлик ва хавфсизликни зудлик билан тиклаш ва қўллаб-қувватлашни,ҳар қандай давлатнинг ҳарбий ҳаракатлар пайтида инсон ҳуқуқлари ва халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига риоя этилишини таъминлаш, жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш, халқаро ҳуқуқ нормаларини бузишда айбдор бўлган барча шахсларни жавобгарликка тортиш тақозо этади», -дейилади ҳужжатнинг 9-бандида.
Резолюция муаллифлари, жумладан соғлиқни сақлаш ва инсон ҳуқуқлари, табиатни муҳофаза қилиш, шунингдек одам савдосига қарши курашда ҳамкорликни кучайтиришга чақиради. Ҳужжатда трансмиллий уюшган жиноятчилик, кибержиноятчилик, наркотрафик, терроризм, жиноий даромадларни легаллаштириш ва экологик жиноятларга, шунингдек коррупцияга қарши курашда БМТ ва Европа Кенгаши ўртасида яқин ҳамкорликни давом эттириш ҳақида сўз боради.
Резолюцияга Россия Федерацияси ва Беларусдан ташқари Шимолий Корея, Никарагуа ва Сурия ҳам қарши овоз берди.
18 давлат, жумладан Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон бетараф қолган.
Эслатиб ўтамиз, Украина ҳудудида МҲО бошлангандан бери Қозоғистон ва Хитой биринчи марта Россия Федерациясининг қўшни давлатдаги ҳаракатларига танқидий баҳо берилган БМТ резолюцияларини қабул қилишда биргаликда қарши овоз беришди.