Ўзбекистонда бокс бўйича жаҳон чемпионати бошланди

Очилиш маросими. olympic.uz сайти фотосурати

Тошкентдаги «Ҳумо Арена»да эркаклар ўртасида бокс бўйича ХХII жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Халқаро Бокс Ассоциацияси (IBA) расмий сайтида хабар берилди.

Очилиш маросимида Республика Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, мамлакат Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов, IBA президенти Умар Кремлев иштирок этишди.

Бокс бўйича IBA жаҳон чемпионати Ўзбекистонда биринчи, Марказий Осиёда эса иккинчи марта ўтказилмоқда. 2013 йили мусобақага Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри мезбонлик қилганди.

Кремлев ўзининг табрик сўзида жаҳонда турнирга қизиқиш ортиб бораётганини қайд этди. IBA раҳбари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган боксчи Андрей Борзенкони ҳам ёдга олди.

«Биз спортимизнинг келажагини яратиш учун ўтмишдаги бокс қаҳрамонларини эслашимиз керак. Ана шундай атоқли шахслардан бири совет боксчиси, Ўзбекистон ССР икки карра чемпиони, спорт устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий, ҳакам Андрей Борзенко эди. У ниҳоятда қийин ҳаёт йўлини босиб ўтди. У Бухенвальд контслагерида асир бўлган, у ерда 80 дан ортиқ жангларни битта мағлубиятсиз ўтказган. Борзенко ўз сафдошларини ҳимоя қилиш учун рингга чиқишга мажбур бўлган. Бокс унга куч берди ва унинг кучли характерини шакллантирди», — деди Кремлев ўз нутқида.

Айни пайтда бир қатор давлатлар федерациялари турнирда иштирок этишдан бош тортган. Бойкот сабаби IBA Россия ва Беларусь спортчиларига ўз давлатлари рамзларидан фойдаланишига рухсат бергани, бу Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) позициясига зид экани бўлди. ХОҚ ва IBA ўртасидаги зиддият бокснинг 2028 йилги Олимпиада ўйинларининг дастлабки дастурига киритилмаслигига олиб келди.

Жаҳон чемпионати 30 апрелдан 14 майга қадар давом этади. Мусобақада 107 давлатдан 538 нафар боксчи иштирок этмоқда. Спортчилар 13 вазн тоифасида медаллар учун кураш олиб борадилар. Мусобақанинг мукофот жамғармаси 5,2 миллион долларни ташкил этади. Олтин медал соҳиблари 200 минг доллар, кумуш медал соҳиблари 100 минг, бронза медали соҳиблари эса 50 минг доллар олади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ