«Қумтор» иши бўйича айбланувчилар давлатга етказилган зарарнинг 80 фоизини қоплаган

KTRK.KG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Молиявий қонунбузарликлар бўйича қўзғатилган жиноий ишда айбланувчи сифатида иштирок этаётган Қирғизистон «Қумтор олтин компанияси»нинг собиқ топ-менежерлари давлатга 844,5 миллион сўмдан (9,7 миллион доллар) ортиқ пул тўлаган, бу умумий зарарнинг 80 фоизини ташкил этади. Бу ҳақда Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Назорат органи давлатга етказилган зарарни аниқ ким ва қайси нисбатда қоплаганига аниқлик киритмаган, чунки бу ишда олтин қазиб олувчи компаниянинг бир неча собиқ ходимлари, жумладан ташқи менежер Тенгиз Болтурук, таъминот бўйича мутахассис Ойша-Гул Фронтбек қизи, молия департаменти директори Рйспек Токтогулов, ижрочи директор Канат Курманов ҳибсга олинган.

Тергов маълумотларига кўра, жами зарар 1,1 миллиард сўмдан (13 миллион доллардан ортиқ) ошади, шунинг учун Бош прокуратура қўшимча қилганидек, уни ундириш давом этади.

Февраль ойи охирида Болтурук Қирғизистон президенти Садир Жапаровга «Қумтор» корхонаси билан боғлиқ коррупцион схемаларга алоқадор эмаслиги ҳақида баёнот билан мурожаат қилганди. 30 апрель куни суд компаниянинг собиқ топ-менежерига нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириб, уни тергов ҳибсхонасидан уй қамоғига ўтказди.

Эслатиб ўтамиз, республиканинг собиқ президенти Асқар Акаев ҳам «Қумтор»даги коррупция иши бўйича гумонланган эди. Бироқ 2023 йил январь ойида шахсни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича даъво муддати тугагани сабабли собиқ давлат раҳбарини таъқиб қилиш тўхтатилди.

ℹ️ «Қумтор» Қирғизистондаги энг йирик олтин кони ҳисобланади. У 1978 йили совет геологлари томонидан кашф этилган, аммо уни ривожлантириш фақат СССР парчаланганидан кейин бошланган. 1992 йил декабрь ойида Қирғизистон ҳукумати, «Қирғизолтин» давлат концерни ва Канаданинг Cameco компанияси билан конни биргаликда ўзлаштириш бўйича ҳужжатларни имзолайди. Орадан 10 йил ўтиб, Канада томонининг таклифи билан «Қумтор» билан боғлиқ барча активларни олган Centerra Gold Inc қўшма компанияси ташкил этилади. Янги компаниянинг акциялари Қирғизистон ва Cameco ўртасида мос равишда 33% ва 67% нисбатда бўлинган.

2005 йил инқилобидан сўнг Қирғизистоннинг янги ҳукумати бу тақсимотни фойдасиз деб тан олиб, уни ўз фойдасига ўзгартиришга уринди.

«Қумтор» атрофидаги вазият 2021 йил баҳорида кескинлашган. Қирғизистон ҳукумати Centerraни атроф-муҳитга етказилган зарар учун миллиардлаб миқдорда пул ундириш учун судга берган ва унинг шўъба корхонаси «Кумтор голд компани»га ташқи бошқарувчи тайинлаган. Узоқ давом этган музокаралар натижаси «Қумтор»нинг 100 фоиз улуши Қирғизистонга ўтказиш бўйича келишув имзоланганини президент Садир Жапаров ўтган йил апрель ойида эълон қилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ