Хоккей бўйича Қозоғистон миллий терма жамоаси хориж ўйинчиларидан воз кечди

Даррен Диц. hockey.by сайти фотосурати

Канадалик ўйинчилар Даррен Дитс, Жесси Блекер ва Кертис Волк, шунингдек, швед Виктор Сведберг Қозоғистон термаси таркибида жаҳон чемпионатига бормайди, чунки улар Қозоғистон фуқаролиги фойдасига ўз она юрти паспортларидан воз кечишмаган. Бу ҳақда Shaiba.kz хабар берди.

Канадалик ўйинчилар — Москванинг ЦСКА клуби ҳимоячиси Даррен Дитс, Екатеринбургнинг «Автомобилист» хоккейчилари Жесси Блекер ва Кертис Волк, шунингдек, «Авангард» швед хоккейчиси Виктор Сведберг, афтидан, Қозоғистон фойдасига Канада ва Швеция фуқаролигидан воз кечмаган. Шу сабаб ушбу хоккейчиларнинг барчаси аввалроқ қабул қилинган Қозоғистон фуқаролигидан маҳрум қилинади ва республика терма жамоасида ўйнай олмайди. КХЛда улар легионер мақомига эга бўлишади.

Шу билан бирга, 25 апрель куни «Барис» хоккей клуби собиқ матбуот котиби Евгений Акманов миллий терма жамоа фуқароликка қабул қилинган ўйинчиларга умид қилаётганини айтди. Хоккейчиларнинг ўзлари Ригада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида Қозоғистон терма жамоаси сафида ўйнашга қарши эмас эди. Шундай қилиб, Блэкер тайёр эканини ва Қозоғистон терма жамоаси жойлашган жойга етиб боришини айтган.

Аввалроқ россиялик хоккейчилар ҳам фуқаролик танлаш масаласига дуч келишганди. Натижада Дмитрий Шевченко, Егор Петухов, Алексей Маклюков ва ҳатто қозоғистонлик Антон Сагадеев ҳам Россия Федерацияси фойдасига қозоқ паспортидан воз кечди.

Таъкидлаш жоиз, барча хоккейчилар Қозоғистон паспортини рад этишмаяпти. Масалан, «Барис» ҳужумчиси Дмитрий Гурков ва «Сариарка» ҳимоячиси Эмил Нургалиев Қозоғистон фойдасига Россия фуқаролигидан воз кечишганди.

Хоккей бўйича жаҳон чемпионати 12-28 май кунлари Финляндия ва Латвияда бўлиб ўтади. Турнирда 16 та жамоа икки гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этади. Қозоғистон терма жамоаси ўйинлари Ригада бўлиб ўтадиган В гуруҳидан жой олган. Қозоғистонликларнинг гуруҳдаги рақиблари Канада, АҚШ, Швейцария, Словакия, Латвия, Норвегия ва Словения бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ