30 апрель куни бўлиб ўтган референдумда сайловчиларнинг 90,21 фоизи Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳририни ёқлаб, 9,35 фоизи эса қарши овоз берди. Бу ҳақда 1 май куни бўлиб ўтган брифингда республика Марказий сайлов комиссияси раҳбари Зайниддин Низомхўжаев маълум қилди.
Ўзбекистондаги сайлов участкаларида овоз бериш 20:00да (Москва вақти билан 18:00) якунланди. Унда рўйхатга киритилган 19 миллион 414 минг 914 нафар сайловчидан 16 миллион 673 минг 189 нафари иштирок этди.
Сайловчиларнинг 84,54 фоизи иштирок этди.
«Очиқ ва ошкора ўтказиладиган референдумда жараёнда иштирок этган фуқароларнинг ҳар бир овози инобатга олинади», – деди бир кун аввал МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров.
Унинг таъкидлашича, овоз бериш жараёнида “референдум натижаларига таъсир қилмайдиган айрим камчиликлар” аниқланган.
«Жумладан, референдум ўтказувчи айрим участкаларда сайловчилар рўйхатлари жамоатчилик билан танишиш учун стендга қўйилмаган ёки раис ва котиб томонидан имзоланмаган, шунингдек, комиссия муҳри билан тасдиқланмаган ҳолатлар ҳам бўлган. Кўзи ожиз фуқаролар учун Брайл алифбосига асосланган трафарет ўз вақтида тақдим этилмаган, шунингдек оила аъзоларининг барчаси кабинага киришга уринишган», — деди Қўчқоров.
Кейинроқ МСК ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган, Тошкент шаҳрида яшовчи бир аёл кетма-кет бир нечта сайлов бюллетенларини белгилаётган видеони ўрганиш натижалари ҳақида маълум қилди. Маълум бўлишича, маҳалла фаоли ва референдум участка комиссияси аъзоси фуқаро Т.Н. ўзбошимчалик билан бюллетенлардан 16 донасини олиб, оила аъзолари номидан референдум қонунчилигини бузган ҳолда уларга белгилар қўйган. Ушбу ҳолат жойида Комиссия раиси томонидан аниқланиб, мазкур бюллетенлар бекор қилиниши таъминланган ва умумий ҳисобдан чиқарилиб, бузиб қўйилган бюллетенларга қўшилган.
❗️ Gazeta.uz таъкидлаганидек, газета мухбирлари томонидан сайлов участкаларида қайд этилган энг кенг тарқалган қоидабузарлик бутун оила аъзолари учун овоз бериш бўлган. Баъзи ҳолларда комиссия аъзолари сайловчиларга тўлдириш учун бир нечта бюллетен берган, баъзиларига эса шахсини тасдиқламасдан овоз беришга рухсат берилган.
❗️ Ўзбекистонлик аёллардан бири Twitterда хабар беришича, сайлов участкасида унга бир вақтнинг ўзида бир нечта бюллетен бериб, ўзи, ота-онаси ва бувиси учун овоз беришини сўрашган ва бланкалардан фақат биттаси бўш, қолганларида эса «Ҳа» белгиси қўйилган бўлган. Сайловчи: «Нима учун сайлов бюллетенларига белги қўйилган?” деб сўраганида, унга бўш бланкалар берилган, «белгиланганлари кейинги сайловчига муаммосиз топширилган».
ℹ️ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Конституциявий ислоҳотлар ташаббускори бўлди. Мамлакат Асосий қонуни моддаларининг 65 фоизига ўзгартиришлар киритилади. Ўзгартишлар қаторида Ўзбекистон президентининг ваколат муддатини беш йилдан етти йилгача ошириш, республика фуқаросини бошқа давлатга экстрадиция қилишни тақиқлаш, Конституциянинг бевосита амал қилиш тамойилини мустаҳкамлаш, ўлим жазосини тақиқлаш ва бошқалар жой олган.
Ўзгартиришлар лойиҳасининг дастлабки вариантида Қорақалпоғистонни суверенитет ва Ўзбекистон таркибидан ажралиб чиқиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш таклифи бор эди. Бу суверен республикада оммавий тартибсизликларга сабаб бўлди, унда расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин одам яраланган. Намойишлар Шавкат Мирзиёев Нукусга келиб, мазкур тузатишларни бекор қилишни талаб қилганидан сўнг якунланди.
Конституцияга 27 та янги модда киритилиб, бу билан уларнинг сони 128 тадан 155 тага кўпайтирилади. Нормативлар сони 275 тадан 434 тага кўтарилади. Ўзгартиришлар лойиҳасининг тўлиқ матни сайлов участкаларидаги стендларга жойлаштирилган. Ўзбекистонда референдум олдидан халқни сайловга чақириш бўйича кенг кўламли тарғибот ишлари бошланди, бунинг учун ҳукумат 182 миллиард сўмдан (16 миллион доллар) ортиқ маблағ сарфлади.
Сайловчиларга «Сиз «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунини қабул қиласизми?» деган саволга «Ҳа» ёки «Йўқ» жавобини танлаш тақдим этилган.