Екатеринбургнинг Верх-Исетский туман суди қирғизистонлик Наргиза Айтматовани ўз фарзандини 300 минг рублга (2022 йил август ойидаги курс бўйича тахминан 5 минг доллар) сотишда айблаб, беш йилга озодликдан маҳрум қилди. Жараён 25 апрель куни якунланди, деб аниқлик киритади Oblgazeta.ru Свердловск вилояти прокуратураси матбуот хизматига таяниб.
Қирғизистон фуқароси РФ Жиноят кодексининг 127.1-моддаси («Ўзига моддий ёки бошқа қарамликда бўлган вояга етмаган инсонни сотиб олиш ва сотиш») бўйича жиноят содир этганликда айбдор деб топилган.
Айтматова жазони умумий тартибдаги колонияда ўтайди.
Вилоят прокуратураси таъкидлаганидек, суд мажлисида давлат айбловчиси 2022 йил 4 августдан 9 августгача айбланувчи мессенжер орқали тезкор-қидирув чора-тадбирлари доирасида иш юритган аёл билан ёзишмалар олиб боргани, молиявий қийинчиликлар туфайли ўз боласини сотишга қарор қилганига доир далиллар келтирган.
Қирғизистонлик аёл 10 минг рубль аванс олган, кейин савдо марказида мижоз билан учрашиб, етти ёшли ўғлини, шунингдек, боланинг ҳужжатларини топширган. Аёл қолган пулни – 290 минг рублни олган, шундан сўнг у полиция ходимлари томонидан қўлга олинган.
Мазкур воқеа ўтган йил август ойида маълум бўлган эди. Ижтимоий тармоқларда бола сотилиши ҳақидаги хабар одам савдоси ва қулликка қарши курашувчи «Альтернатив» кўнгиллилар ташкилоти обуначиси томонидан аниқланган. Кўнгиллилар билан ёзишмаларида Айтматованинг биринчи турмушидан ўғли борлигини, иккинчи турмуш ўртоғи эса қарз тўлаш учун бола сотилишига қарши эмаслигини айтган. Операция давомида полиция Қирғизистон фуқаросини қўлга олган.
Свердловск вилояти Ички ишлар вазирлигининг таъкидлашича, оғир молиявий аҳвол туфайли болани сотиш версияси жиддий шубҳа туғдиради, зеро ҳибсга олинган аёлнинг эри ўртача 120 минг рубль миқдорида ойлик олган, оила икки хонали квартирада яшаган ва ўзлари учун уй қураётган бўлган.