Хитой компанияси Overseas Investment Co. Ltd Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида ҳар бири 500 МВт қувватга эга иккита қуёш фотоэлектр станцияси (ФЭС) қуради. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қурилиш тўғрисидаги битим 27 апрель куни Хитой компанияси (Энергетика вазирлиги хабарида Energy China Overseas Investment Division China Gezhouba Group Overseas Investment Co., Ltd деб кўрсатилган) ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ўртасида имзоланган.
Ушбу ФЭСларнинг ишга туширилиши қўшимча 2,3 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш ва табиий газ истеъмолини йилига 588 миллион куб метрга тежаш имконини беради.
ℹ️ Overseas Investment Co. Ltd. 2016 йили ташкил этилган бўлиб, China Gezhouba Group (CGGC)нинг «шўъбаси» ҳисобланади. Компания фаолияти гидроэнергетика, муқобил энергия манбалари, нефть-кимё, тоғ-кон саноати, портловчи моддалар, автомобиль йўллари ва темир йўллар, кўприклар, портлар, кўчмас мулк, молия ва саноат муҳандислиги соҳаларини қамраб олган.
2020 йилдан буён CGGC Сирдарё вилоятида қуввати 1500 МВт бўлган иссиқлик электр станциясини (ИЭС) қурмоқда. Иссиқлик электр станцияси Боёвут тумани ва Ширин шаҳри ҳудудининг бир қисмини эгаллайди. Янги иссиқлик электр станциясида йилига 10 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.
2022 йил октабрь ойида CGGC Ўзбекистон транспорт соҳасида лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирган. Унинг вакиллари Ўзбекистон Транспорт вазирлигида бўлиб, Жаҳон банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) маслаҳат кўмагида амалга оширилаётган Тошкент-Андижон, Тошкент-Самарқанд йўналишидаги пуллик автомобиль йўллари қурилишини муҳокама қилди. Шунингдек, Самарқанд ва Шаҳрисабз ўртасидаги 66 километрлик автомобиль йўли ҳамда Тахтакарача довонида 4,4 километрлик туннел қуриш лойиҳалари кўриб чиқилди. Учрашув якунлари бўйича CGGC муҳокама қилинган лойиҳалар бўйича ўзининг молиявий, техник ва бошқа таклифларини Ўзбекистон Транспорт вазирлигига тақдим этишга тайёрлигини билдирди.