ИТБ Ўзбекистонга болалар боғчалари қурилиши ва йўлларни таъмирлаш учун қарийб 400 миллион доллар кредит ажратади

ИТБ логотипи. logowik.com сайти фотосурати

Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Ўзбекистонга умумий қиймати 396,7 миллион доллар бўлган учта кредит ажратади ва бу кредитлар ижтимоий ва иқтисодий лойиҳаларда фойдаланилади, дейилади халқаро молия ташкилоти сайтида.

Тегишли келишувни иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми арафасида ИТБ президенти Муҳаммад Ал Жассир (Muhammad Al Jasser) ва Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов имзолади.

260 миллион долларлик кредит ИТБ озиқ-овқат хавфсизлиги дастури доирасида амалга оширилаётган қишлоқни комплекс ривожлантириш лойиҳасини молиялаштиришга мўлжалланган. Бу ўзбекистонликларга сифатли инфратузилмага эга бўлиш ва иқлимга мослашган қишлоқ хўжалиги амалиётлари бўйича билимларини ошириш имконини беради.

106,7 миллион доллар миқдоридаги иккинчи кредит Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудидан ўтувчи М39 автомобиль йўлини реконструкция қилиш ва модернизация қилишга йўналтирилади. Бу транспорт инфратузилмаси самарадорлигини ва ушбу йўналиш бўйлаб ҳаракатланиш хавфсизлигини оширади. Қайд этилишича, лойиҳа нафақат Ўзбекистон иқтисодиётига фойда келтиради, балки минтақавий интеграция ва савдога ҳам ҳисса қўшади.

Яна 30 миллион долларлик кредит «Сифатли мактабгача таълимдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш» лойиҳасини молиялаштиришга йўналтирилади, жумладан, болалар боғчаларини қуриш ва таъмирлаш учун.

«Ушбу келишувлар Ўзбекистоннинг иқтисодиётни ривожлантириш, қашшоқликни камайтириш ва ҳаёт сифатини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга содиқлигимизни кўрсатади. Биз республика ҳукумати билан мамлакат инфратузилмаси, озиқ-овқат хавфсизлиги ва таълим соҳасига жиддий таъсир кўрсатадиган муҳим лойиҳаларда ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз», — дейди Муҳаммад ал-Жассир.

27 апрель куни ИТБ раҳбари Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Томонлар янги шартнома имзолаш масаласини муҳокама қилиб, айни пайтда қўшма лойиҳалар портфели 1,3 миллиард доллардан ошиб, иқтисодиётнинг устувор тармоқларини қамраб олишини таъкидладилар.

Ислом тараққиёт банки маълумотларига кўра, 2003 йилдан буён мазкур муассаса Ўзбекистонга 3 миллиард 460 миллион доллар миқдорида кредит ажратган ва бу маблағлар қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ