Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, унинг мамлакати 60 йиллик кечикиш билан бўлса-да, атом энергияси ишлаб чиқарувчилар лигасига кирганини айтди. Сиёсатчи бу сўзларни Аккую атом электр станциясига ядро ёқилғисини етказиб бериш маросимида видеобоғланиш орқали айтди, деб ёзади «Анадолу» агентлиги.
Атом электр станцияси учун денгиз ва ҳаво орқали етказилган ёқилғи Аккуюнинг атом энергетика иншоотига айланишига имкон берди, бу Эрдўғоннинг қўшимча қилишича, «Туркиянинг қувонч ва ғурурни бошдан кечиришига» сабаб бўлди.
«Бугунги кунда Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан истеъмол қилинаётган электр энергиясининг 25 фоизи атом электр станцияларида ишлаб чиқарилади. Европа Комиссияси ядро энергиясини «яшил энергия» манбаи сифатида тан олиш орқали шубҳаларни бартараф этди. Биз Аккую АЭСни ушбу жараённинг бир қисмига айлантирдик», — деди Туркия раҳбари.
У статистик маълумотларни келтирди, унга кўра дунёда 422 та атом электр станцияси ишламоқда, яна 57 та станция қурилмоқда.
Жанубий Мерсин вилоятида жойлашган Аккую атом электр станцияси Россия иштирокида қурилгани учун Эрдоғон Россия президенти Владимир Путинга ҳамда лойиҳани қўллаб-қувватлаган ва амалга оширган икки давлат мутахассисларига миннатдорчилик билдирди.
Қайд этилишича, «Аккую» Россия ва Туркиянинг энг йирик қўшма сармоявий лойиҳаси бўлиб, унга киритилган сармоя 20 миллиард долларни ташкил этади.
Бундан ташқари, станция Туркия давлат бюджети юкини истисно этувчи молиявий модел асосида қурилган, деди Эрдўғон. Шунингдек, у 6 февраль куни содир бўлган вайронкор зилзилаларда Аккуюнинг зарар кўрмаганини аргумент сифатида келтирган ҳолда қурувчиларнинг профессионаллигини таъкидлади.
«2028 йилга қадар барча атом энергетика блоклари ишга туширилади, бу эса мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 10 фоизини қоплайди. Ўрнатилган қувватга эришилгач, Аккую йилига 35 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради», — дея хулоса қилди президент.
Унинг сўзларига кўра, атом электр станциясининг ишга туширилиши Туркия иқтисодиётининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатади, чунки бу газ импортини йилига 1,5 миллиард долларга камайтиради.
Эрдўғоннинг қўшимча қилишича, тез орада мамлакатнинг бошқа минтақаларида яна иккита атом электр станциясини қуриш бўйича муҳокамалар бошланади.
«Аккую» — Туркиядаги биринчи атом электр станцияси. Унинг қурилиши 2010 йилда имзоланган шартнома асосида «Росатом» давлат корпорацияси томонидан амалга оширилган. АЭС ҳар бирининг қуввати 1200 МВт бўлган реакторли тўртта энергоблокдан иборат бўлади.
Бироқ, ҳамма давлатлар ҳам атом энергетикасини ривожлантиришга тайёр эмас. Мисол учун, 2011 йили Германия атом электр станцияларидан воз кечиш ниятида эканлигини эълон қилди — Япониянинг Фукусима-1 станциясидаги авариядан кейин. 2023 йил 16 апрелида Германия ҳукумати мамлакатда ишлаётган сўнгги учта атом электр станцияси фаолиятини тўхтатди.