Роскомнадзор Қозоғистоннинг Arbat.Media сайтини Украина ҳақидаги материали туфайли блоклади

Роскомнадзор сайти саҳифаси скриншоти

Роскомнадзор Қозоғистоннинг Arbat.Media сайтига киришни блоклади. Бу ҳақда «Роскомсвобода» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган) хабар берди.

«Блоклаш ташаббускори «Аниқланмаган давлат органи» бўлган, бу катта эҳтимол билан Россия Федерацияси Бош прокуратурасидир», — дейилади хабарда.

Қозоғистон ресурсига кириш 25 апрель куни чекланган.

Arbat.Media бош муҳаррири Сирим Итқулов сайтнинг Роскомнадзор томонидан блокланишини шараф деб атади ва Россия расмийлари нашрни яхши реклама қилиб берганини таъкидлади. Итқуловнинг айтишича, россияликлар сайт аудиториясининг 40 фоизини ташкил қилади.

Arbat.Media сайтининг эгаси Арманжан Байтасов Россия ҳукумати «Қозоғистон суверен ва мустақил давлат экани ва у оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунни ҳурмат қиладиган давлат эканини тушунишига» умид билдирди. Арманжан Байтасов

ℹ️ 2022 йил ноябрида Роскомнадзор Arbat.Mediaдан Украинанинг Харьков вилоятидаги ҳарбий ҳаракатлар ҳақидаги сентябрдаги мақолани олиб ташлашни талаб қилганди. Февраль ойида нашр раҳбарияти Россия армиясининг 19-ҳарбий прокуратураси даъвоси билан Россиянинг Владимир шаҳрининг Ленинский туман судига чақирилган эди.

Хабарда айтилишича, даъво «айрим шахслар манфаатларига қарши» қўзғатилган ва Arbat.media веб-сайтида Роскомнадзорнинг Владимир вилояти бўйича бошқармаси Россия Федерациясининг Украина ҳудудидаги махсус ҳарбий операциясига доир «ҳақиқатга мос келмайдиган ва сиёсий характерга эга ёлғон маълумотларни аниқлаган». Бундан ташқари, хабарномада Arbat.media веб-сайтидаги материаллардан бири Украинада давом этаётган МҲО мақсадлари ҳақида нотўғри маълумот бергани, Россиянинг расмий позициясига зид экани ва «норозилик кайфиятини яратишга қаратилгани» таъкидланган.

Қозоғистон ТИВ Arbat.media Қозоғистон Республикаси қонунчилигини бузмаганини таъкидлаб, Қозоғистон ва Россия ўртасида ОАВ фаолиятига ташқи аралашувни назарда тутувчи келишувлар мавжуд эмаслигини эслатиб ўтди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ