Қозоғистонда «Уйда гапир» лойиҳаси доирасида очилаётган қозоқ тилини ўрганиш бўйича ҳовли клублари каби ташаббусларни (шаҳар, туман ва вилоятлар ҳокимликлари) ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши лозим. Бу ҳақда 27 апрель куни Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон халқи ассамблеясининг XXXII сессиясида сўзлаган нутқида маълум қилди.
Давлат раҳбари давлат тилини барча фуқароларнинг ўзлаштириши сиёсатнинг стратегик йўналиши эканини таъкидлади.
«Қозоқ тили – фуқаролик интеграциясининг самарали воситаси, маданий ва маънавий бирлик тимсоли. Шу билан бирга, қозоқ тили илм-фан ва таълимнинг энг илғор ютуқларини жорий этиш воситасига айланиши керак», — деб тушунтирди Тўқаев.
Шу билан бирга, у
давлат тилини ўрганмаган ва уни зарур даражада билмайдиган фуқаролар ҳеч қандай ҳолатда тил борасида камситилмаслиги кераклигини таъкидлади.
«Айни пайтда жамиятимизда давлат тилини ўрганиш, уни пухта эгаллашга интилиш кундалик меъёрга айланиши керак. Қозоқ тилига талаб ортгандагина у оммалашиб кетади. Дарвоқе, турли тилларни билиш ҳар бир инсон маданиятини белгилаб берувчи мезондир. Давлат тилини, айниқса, она қозоқ тилини ўзлаштириш эса у ёки бу фуқаронинг нақадар маданий ривожлангани, ундаги фуқаролик масъулияти қай даражада экани, пировардида, унинг нақадар ватанпарвар экани кўрсаткичидир», — деди Тўқаев.
Давлат тили атрофида ижобий ва позитив муҳитни сақлаш зарурлигини таъкидлади.
«Тил масаласидаги барча мунозаралар этник эмас, балки фуқаролик ва сиёсий характерга эга эканлигини тушуниш муҳимдир. Бу борадаги ҳар қандай бепарволик оғир ва ҳатто аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин», — дея огоҳлантирди Президент.
Кўп маданиятли муҳитни ривожлантириш ва давлат тилини барча фуқаролар томонидан ўзлаштириш муҳимлигини қайд этиб, Тўқаев
«Қозоғистондаги ҳар бир этник гуруҳ ўз анъаналари, маданияти ва тилини ривожлантириш имкониятига эга бўлган ва бўлади ҳам. Бу, аслида, миллий ўзига хосликнинг асосидир», — деди.
Президент талаб қилди:
👉 бирлик ва тотувликка путур етказишга қаратилган ҳар қандай провокацияларга қатъий барҳам бериш;
👉 радикализм, экстремизм ва сепаратизмнинг ҳар қандай кўринишларига қаршилик кўрсатиш, «нозик ва айни пайтда қаттиққўл бўлиш, пировардида адолатли бўлиш»;
👉 этник-ижтимоий кескинликни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш;
👉 миллатлараро низоларнинг олдини олиш мақсадида чекка қишлоқлар, айниқса, аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда аҳоли ўртасида ахборот-маърифат ишларини олиб бориш.
«Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ўз сўзи ва ҳаракати учун масъулиятни ҳис қилиши керак. Ҳис-туйғуларга берилмаслик, адоват ва нафрат домига тушиб қолмаслик лозим. Бизга ёт ахборот урушлари ва мафкуравий тортишувлар керак эмас», — деди Тўқаев.
ℹ️ Қозоғистон халқлари ассамблеяси республика Президенти ҳузуридаги консультатив-маслаҳат органи бўлиб, унинг вазифаси давлат миллий сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашишдан иборат. 1995 йил 1 мартда ташкил этилган. Ассамблея 600 га яқин кишидан иборат. Ташкилотга Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев раҳбарлик қилади.
Ассамблеянинг XXXII сессияси 26-27 апрель кунлари «Адолатли Қозоғистон: бирлик, барқарорлик, тараққиёт» шиори остида бўлиб ўтди. Унда 1000 дан ортиқ киши: парламент аъзолари, марказий ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, диний бирлашмалар раҳбарлари, Қозоғистон ва хорижий ОАВ вакиллари, Ассамблея аъзолари, республика ва вилоятлар этник-маданий бирлашмалари раислари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, дипломатик корпус вакиллари, илмий, ижодкор зиёлилар иштирок этди.