Олмаота вилояти Ички ишлар бошқармаси собиқ бошлиғи Серик Кудебаев Туркияда қўлга олиниб, Қозоғистонга олиб келинган. Бу ҳақда бош прокурор Берик Асиловга таяниб, Tengrinews.kz хабар беради.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда қочоқ генерал Истанбулдан махсус самолётда уйига олиб келингани ҳақида маълумотлар пайдо бўлганди. Асилов Қозоғистон халқи ассамблеяси сессияси чоғида журналистларнинг тегишли саволига жавоб бераркан, ушбу маълумотни тасдиқлади.
ℹ️ 2022 йил январида оммавий тартибсизликлар сабабли Олмаота шаҳри, Олмаота ва Манғистау вилоятларида фавқулодда ҳолат жорий этилганидан кейин Кудебаев Олмаота вилояти коменданти этиб тайинланган эди. Тергов маълумотларига кўра, Кудебаев ўзи қўриқлаши керак бўлган бўлим биносидан қуролланган қўриқчилар билан чиқиб кетган. Натижада тартибсизлик иштирокчилари бинони эгаллаб, ундаги қуролларни ўғирлаб кетишган.
2022 йил май ойида Кудебаевга Қозоғистон Жиноят кодексининг 362-моддаси 2-қисми («Мансаб ваколатларни суиистеъмол қилиш») бўйича айблов эълон қилинди. Суд жараёни шу йилнинг январь ойи бошида бошланган. Айблов томони айбланувчига тўққиз йил қамоқ жазосини сўраган. Ҳукм 10 март куни эълон қилиниши режалаштирилган эди, бироқ Кудебаев касалхонага ётқизилган, шундан сўнг мажлис бир неча марта қолдирилган.
Суд жараёнида генерал-майор уй қамоғида бўлган. 3 апрель куни у аввалги суд мажлисларига келмагани учун судга мажбуран олиб келиниши керак бўлган. Бироқ, 1 апрель куни Кудебаев мамлакатни тарк этгани ва Туркияда эканлиги маълум бўлди.
Қозоғистон Чегара хизмати Кудебаев расман фаолият юритаётган назорат-ўтказиш пунктлари орқали давлат чегарасини кесиб ўтмаганини маълум қилди. Бош прокуратура қочиб кетганлик факти бўйича жиноий иш қўзғатди.