Ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаев Туркияда ҳибсга олинди

Бобомурод Абдуллаев. Бобомурод Абдуллаевнинг ижтимоий тармоқдаги фотосурати

Туркиянинг Эскишеҳир шаҳрида 24 апрель куни полиция ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаевни қўлга олди. Бу ҳақда «Озодлик» (Россияда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг ўзбек хизмати) отасига ёрдам сўраб халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига мурожаат қилган журналистнинг қизига таяниб хабар беради. Қизнинг сўзларига кўра, Абдуллаев Тошкент талаби билан ҳибсга олинган, агар у Ўзбекистонга экстрадиция қилинса, қийноқларга дучор бўлади.

«Озодлик» маълумотларига кўра, яқинда Абдуллаев журналистларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилот дастури доирасида Германияда бўлган. Қачон ва нима учун Туркияга келганлиги номаълум.

Ўзбекистонда бир неча йил аввал Абдуллаевга нисбатан жиноий иш очилганди. У 2017 йил 1 октабр куни интернетда «Усмон Ҳақназар» тахаллуси остида «туҳматли материаллар» тайёрлаш ва тарқатиш, шунингдек, ҳукуматни ағдаришни қўллаб-қувватлашга тайёр бўлган шахсларни ёллашда айбланиб ҳибсга олинган эди.

Маҳбус бир неча бор хавфсизлик кучлари томонидан қўлланилган қийноқлар ҳақида шикоят қилган. 2018 йил бошида журналист шикоятлари кўриб чиқилган: бир қатор терговчилар ишдан четлаштирилган.

2018 йил май ойида суд журналистни Жиноят кодексининг 159-моддаси («Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга оммавий чақириқлар») бўйича айбдор деб топиб, маошидан 20 фоиз ушлаб қолинган ҳолда уч йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилган ва уни ҳибсдан озод этган.

2020 йил август ойида Абдуллаев Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан Бишкекда қўлга олинган эди. Операция Ўзбекистон томонининг илтимосига кўра ўтказилгани ва журналист Ўзбекистон манфаатларига қарши оғир жиноят содир этишда айблангани таъкидлан. Ҳибсга олинганидан икки ҳафта ўтиб, Абдуллаев ўз ватанига экстрадиция қилинган.

Ўша йилнинг октябрь ойида журналистга нисбатан жиноий таъқиблар тўхтатилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бобомурод Абдуллаевга Тошкентдаги Green Park турар-жой мажмуасидан уч хонали квартира совға қилгани хабар қилинганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ