«Толибон»* радикал ҳаракати жангарилари 2021 йил август ойида Кобул аэропортида теракт уюштирган ва 180 га яқин афғон ва америкалик ҳарбий хизматчилар ҳаётига зомин бўлган «Ироқ ва Шом ислом давлати» (ИШИД)*нинг афғон бўлими юқори мартабали аъзосини йўқ қилишган. Бу ҳақда АҚШ расмийларига таяниб, The Guardian хабар беради.
Афғонистон жанубида апрель ойи бошида толиблар террорчилик ташкилотининг маҳаллий ячейкаларига қарши қатор амалиётлар ўтказгач, ИШИДнинг шахси ҳали ошкор қилинмаган юқори мартабали аъзосини ўлдиришган.
АҚШ ҳарбийлари портлашда ҳалок бўлган 11 денгиз пиёдаси, бир денгизчи ва бир аскарнинг оилаларига теракт ташкилотчиси йўқ қилингани ҳақида хабар беришган.
Марҳум сержант Дарин Тейлор Гувер (Darin Taylor Hoover) нинг отаси Дарин Гувер (Darin Hoover) нинг нашрга айтишича, АҚШ денгиз пиёдалари корпуси вакиллари теракт ташкилотчиси номини ва унинг ўлими ҳолатларини айтмаган ҳолда чекланган маълумот беришган.
Гувер ҳужумдан кейин алоқада бўлиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаётган ва ижтимоий тармоқлардан бирида суҳбат орқали маълумотлар алмашаётган оилалар гуруҳининг бир аъзоси бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 26 август куни хорижлик ҳарбийлар билан ҳамкорликда бўлган афғонлар ва чет элликларни тартибсиз равишда эвакуация қилинаётган чоғда Кобул аэропортининг шарқий дарвозаси яқинида ИШИДнинг худкуш-террорчиси ўзини портлатиб юборган эди. Ўша вақтда бу ерда юзлаб афғонлар тўпланиб, эвакуация рейсларидан бирига чиқишга ҳаракат қилишаётган бўлган, ўнлаб америкалик аскарлар тартибни сақлаб туришган. Бу теракт қурбонлари сонининг кўплигини тушунтиради.
Ўз навбатида, АҚШ армияси 29 август куни аэропорт яқинидаги уйлардан бирига дрон ҳужумини уюштиради, дастлаб айтилганидек, бу уйда ҳужум ташкилотчиси жойлашган бўлган. Бироқ, кейинроқ америкалик ҳарбийлар хато зарба берилганини тан олишади, зеро бунда 10 нафар тинч фуқаро, жумладан етти бола ҳалок бўлганди.
Таъкидлаш жоиз, ИШИДнинг Афғонистондаги бўлими, айрим маълумотларга кўра, 4000 нафаргача аъзога эга. Гуруҳ толибларга қарши фаол кураш олиб боради, шунингдек, радикаллар улар наздида «ҳақиқий исломдан чекинганлар» деб ҳисобланмиш ҳазора шиаларига қарши террорчилик ҳужумларини амалга ошириб келадилар.
*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).