Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари Карим Масимов 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Остона суди матбуот хизмати хабар берди.
Ҳукм 24 апрель куни Қозоғистон пойтахтидаги жиноий ишлар бўйича ихтисослаштирилган туманлараро судида чиқарилган. Иш «Ўта махфий» грифи остида кўриб чиқилган.
Карим Масимов давлатга хиёнат (Қозоғистон Жиноят кодексининг 175-моддаси 1-қисми), ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш (179-моддаси 3-қисми), ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш (362-модда 4-қисми 3-қисми)да айбдор деб топилган.
«Жазоларни қисман қўшиб, [Масимов] мулкларини мусодара қилиш йўли билан давлат хизматида лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан умрбод маҳрум этилган ҳолда 18 йилга озодликдан маҳрум этилди», — дейилади суд матбуот хизмати хабарида.
Масимовнинг ўринбосарларидан бири Асхат Садиқулов Жиноят кодексининг худди шу моддалари билан айбдор деб топилиб, у бир умрга давлат хизматида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 16 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Масимовнинг яна икки ўринбосари ҳам судланган. Даулет Ергожин ҳокимиятни мажбуран эгаллаб олиш, ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айбдор деб топилиб, давлат хизматида лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан умрбод маҳрум этилган ҳолда 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Марат Осипов ҳокимият ва ваколатларини суиистеъмол қилгани учун — давлат хизматида лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда уч йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Тўрт нафари ҳам генераллик унвонлари ва давлат мукофотларидан маҳрум этилган. Улардан 10 миллиард тенге (22 миллион доллардан ортиқ) ва 24 миллион доллар давлат даромадига ундирилган.
ℹ️ Карим Масимов мамлакатдаги энг нуфузли ва собиқ президент Нурсултон Назарбоевга яқин одамлардан бири ҳисобланган. Ўтган йиллар давомида у Қозоғистон Республикаси Бош вазири, маъмурият раҳбари ва Қозоғистон президенти ёрдамчиси лавозимларида ишлаган.
Масимов 2022 йил 8 январь куни Қозоғистонда содир бўлган тартибсизликлардан сўнг ҳибсга олинган эди. Бир неча кун аввал у 2016 йил сентябридан буён ишлаб келаётган МХҚ раиси лавозимидан озод этилган эди. Ҳибсга олингандан сўнг дарҳол Нур-Султон тергов суди Масимовни икки ойга ҳибсга олди, шундан сўнг ҳибсга олиш муддати қайта-қайта узайтирилди. Кейинчалик мамлакатнинг собиқ бош чекистига нисбатан иш «махфий» грифига киритилди.