Қирғизистон терма жамоасига словакиялик мутахассис Стефан Таркович бош мураббий этиб тайинланди. Бу ҳақда Қирғизистон футбол иттифоқи (КФИ) расмий сайти хабар берди.
Хабарда айтилишича, КФИ Ижроия қўмитаси йиғилишида ташкилот техник директори Анарбек Ўрмомбеков республика терма жамоаси бош мураббийлигига номзодларни топиш ва ўрганиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берган. Қайд этилишича, жами 30 нафар номзод кўриб чиқилиб, улардан беш нафари танлаб олинган. Натижада Ижроқўм қарори билан 50 ёшли мутахассис Стефан Таркович Қирғизистон терма жамоаси бош мураббийи этиб тасдиқланган.
Таркович ўзининг номзоди Қирғизистон терма жамоаси бош мураббийи лавозимига тасдиқлангани ҳақида биладими ёки йўқ, бу аниқланмаган. КФИ шартнома ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган. Эҳтимол, томонлар ўртасидаги келишув ҳали муҳокама қилинмагандир.
Таркович Қирғизистон терма жамоасини бошқарадиган МДҲдан ташқаридаги биринчи хорижлик мураббийга айланади. Бунгача жамоани қирғизистонликлар ёки русссияликлар бошқариб келган.
Словакиялик мутахассис Қирғизистон терма жамоаси билан саккиз йилдан кўпроқ вақт давомида ишлаган ва Қирғизистон терма жамоасини икки марта Осиё Кубогига олиб чиққан россиялик Александр Крестининнинг ўрнига бош мураббийлик қилади. 2024 йили Қатарда бўлиб ўтадиган бўлажак турнирга терма жамоани янги мураббий олиб боради.
Стефан Таркович футболчи ва мураббий сифатида Словакиядан ташқарига деярли чиқмаган. Фақатгина БААнинг «Бани Яс» клубида ёрдамчи мураббий сифатида олти ойлик хизмат сафари бундан мустасно. Таркович бош мураббий сифатида Словакиянинг «Кошице», «Татран» ва «Жилина» клублари, шунингдек, ЕВРО-2020 га олиб чиққан Словакия терма жамоаси билан ишлаган.