Антикор: Олмаота шаҳрининг 26 минг аҳолиси қор, ер кўчкилари ва сел оқими хавфи остида яшамоқда

Рухсатсиз қурилган рестораннинг бузилиши. Олмоата ҳокимлиги матбуот хизмати фотосурати

26 минг олмоалик истиқомат қилаётган беш мингга яқин уй қор, ер кўчкилари ва сел оқими хавфи зонасида қурилган. Бу ҳақда 24 апрель куни Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш агентлиги (Антикор) Фавқулодда вазиятлар вазирлигига таяниб хабар берди.

«Масалан, Соҳилбўйи кўчаси бўйлаб тик қиялик остидаги юмшоқ тупроқ устида 12 та турар-жой биноси қурилган»,дея таъкидлайди «Антикор» матбуот хизмати.

Охирги икки йил давомида Олмаотада ландшафтни ноқонуний ўзгартириш бўйича 26 та факт аниқланган. Масалан, Науризбай туманидаги тоғ олди зонасида рухсатсиз участкалардан бирининг эгаси тоғни кесиб, қарийб 100 минг куб метр тупроқни олиб ташлаган, уларни кейинроқ сотиш учун ҳосил бўлган текисликни етти сотихдан иборат 50 та мустақил участкага бўлган.

«Антикор» маълумотларига кўра, 2017 йилдан буён 286 гектарга яқин ер майдони аҳоли, экологлар, СЭС ва ўт ўчирувчилар билан келишилмаган ҳолда, оммавий дам олиш ва сайёҳлик учун мўлжалланган рекреацион зонага эга бўлган турар-жой массивига ўтказилган.

«Шу билан бирга, амалдаги бош режа 2011 йили ўз аҳамиятини йўқотган, янгиси эса ҳали тасдиқланмаган», — дея таъкидлайди коррупцияга қарши кураш хизмати.

Ва коррупцияга оид мисолларни келтиради.

«Аввалига бош режага тўғри келмаётгани, сейсмик ва сув муҳофазаси зоналарида бўлиш баҳонасида рад жавобини беришади. Кейинчалик худди шу бўлимларда ўзгартиришга розилик берилади. 900 дан ортиқ ана шундай фактлар аниқланган. Мисол учун, Олмаота шаҳрида яшовчи фуқарога ернинг мақсадини ўзгартиришга рухсат берилмаган, бироқ бир мунча вақт ўтгач, уларга рухсат берилган. Шу билан бирга, унинг участкаларидан бири ҳокимликнинг мансабдор шахси қариндошига ўтказилган», — дейилади Антикор хабарида.

Бу жараёнлар устидан назоратнинг йўқлиги бюджет тақчиллигига олиб келади, дея тушунтиради агентлик. Дастлабки маълумотларга кўра, сўнгги уч йил давомида мўлжалланган мақсадга доир ўзгартиришлардаги кадастр қийматидаги фарқ туфайли 500 миллион тенгедан ортиқ (1,1 миллион доллардан ортиқ) пул тўланмаган.

«Бундан ташқари, тектоник ёриқлар зоналарида ерлар берилган. Шу тариқа, корхоналардан бири аукционсиз «Қозоқфильм» ҳудудидаги ер участкасини инвестиция фаолияти ниқоби остида тиббиёт пункти қуриш учун ижарага олган. Кейинчалик, қурилиши тугалланмаган объект фойдаланишга топширилган», — дейди Антикор масъуллари.

Яна бир мисол, архитектура идоралари хусусий уй қуриш учун эскизни келишиб олишади, лекин аслида бу ерда кўп хонадонли турар-жой мажмуаси қурилади. Бу уйларни сув ва иссиқлик таъминотига улаш учун мавжуд техник шартларни ҳисобга олишмайди. Уйларнинг қаватлар сони, қабристонлардан санитария муҳофазаси зонасини таъминлаш бўйича талаблар бузилган. Лойиҳачилар тасдиқланган эскизларни бузган ҳолда, қурилаётган уй-жой майдонини қўшни ҳудуд — пиёдалар йўлаклари, болалар майдончалари ҳисобига кўпайтиришмоқда.

Санаб ўтилган ҳуқуқбузарликлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.

Шу билан бирга, Олмаота маъмурияти шаҳар аҳолисини баъзи янги бинолардан уй-жой сотиб олишдан яна бир бор огоҳлантиради. Олмаота шаҳарсозлик назорати департаменти мутахассислари Шашкина кўчаси 42/1 уй Maison турар жой мажмуаси ноқонуний қурилаётганини маълум қилади: «Ушбу манзилдаги майдон ер ости автопаркингга эга маъмурий бино қурилиши учун берилган. Шу билан бирга, тиббиёт пункти қуриш бўйича архитектура-режалаштириш топшириғи олинган», — дея тушунтиришади бошқармадагилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ