Афғонистон «Ироқ ва Шом Ислом Давлати» (ИШИД)* террорчилик ташкилотининг марказига айланди. Бу ҳақда АҚШ мудофаа ва разведка вазирлигининг ижтимоий тармоқларга тушиб қолган махфий ҳужжатларига таяниб, The Washington Post газетаси ёзади. Вашингтон маълумотларига кўра, террорчилар кимёвий қурол яратиш ва дронларни назорат қилиш ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилишган.
Афғонистондаги ИШИД Европа ва Осиёда терактлар уюштиришни режалаштирмоқда, деб ёзади газета. Хусусан, ҳужумлар элчихоналар, черковлар, бизнес марказлари яқинида, шунингдек Қатардаги футбол бўйича жаҳон чемпионатида уюштириш режалаштирилган. Террорчилар, шунингдек Бельгия ёки Франциядаги ироқлик дипломатларни ўғирлаб, уларнинг эвазига ўзларининг 4000 нафар жангчисини озод қилишни талаб қилишмоқчи бўлган.
АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, ИШИД Афғонистондан ташқаридаги ресурсларга таянадиган «ташқи операциялар учун самарали модел»ни ишлаб чиқмоқда. Қўшма Штатлар фикрича, бу террорчиларга махсус хизматлар томонидан яратилган тўсиқларни енгиб ўтиш ва ҳужумларни тўхтатиш эҳтимолини минималлаштириш имконини беради.
Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот хизмати раҳбари Эйдриенн Уотсон The Washington Post газетасига изоҳ бераркан, Қўшма Штатлар «қўшинлар ерда доимий бўлмагани ҳолда» террорчиларни йўқ қилиш имкониятини сақлаб қолишини айтди. Терроризмга қарши операциялар келажакдаги таҳдидларга «ҳар қандай жойда» қарши туриш учун қайта ташкил этилади.
АҚШ мудофаа вазирлигидаги манбанинг айтишича, ИШИД ҳужумлари сони муттасил ортиб бормоқда, бироқ уларнинг аксарияти амалга оширилмаган. Унинг фикрича, Афғонистонни 2021 йил август ойидан бери, яъни Америка қўшинлари мамлакатдан тўлиқ олиб чиқиб кетилгандан кейин назорат қилиб келаётган «Толибон»* радикал ҳаракати ИШИДга тўсиқ бўладиган омил бўлиб хизмат қилади. Толиблар ва ИШИД «очиқ-ойдин курашмоқда», дейди манба.
Афғонистондаги ИШИД мунтазам равишда «Толибон» амалдорларига қарши ҳужумлар уюштириб туришини қўшимча қиламиз. 9 март куни ишидчилардан бири шимолий Балх вилояти маъмуриятида ўзини портлатиб юборди, натижада толиблар томонидан ҳудудга тайинланган губернатор Муҳаммад Довуд Музаммил ҳалок бўлди. Бу Афғонистонда толибларнинг 2021 йил августида ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг террорчилар томонидан ўлдирилган энг юқори мартабали амалдори бўлади.
*Юлдузча билан белгиланган ташкилотлар Россия ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).