Қозоғистонликлар қўзиқорин, резавор мева ва доривор ўтларни тергани учун солиқ тўлайдилар

«Фарғона» фотосурати

2024 йил 1 январдан Қозоғистон аҳолиси ўрмон ва ўсимлик ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлайди. Бу ҳақда мамлакат Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитасига таяниб, Tengrinews.kz хабар беради.

Гап доривор ўсимликлар, ёввойи мевалар, ёнғоқлар, қўзиқоринлар ва меваларни териш ҳақида кетмоқда. Эндиликда солиқ фақат давлат ўрмон фонди участкалари ва алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда жойлашган объектлардан ундирилади. Келгуси йилдан бошлаб кўрсатилган ҳудудлардан ташқарида терилган ёввойи ўсимликлар ҳам солиқ ундириладиган объектлар рўйхатига киритилади. Тегишли ўзгартиришлар Қозоғистон Солиқ кодексининг 69-боби 6-бандига киритилган.

«Бундай турдаги йиғим аввал ҳам мавжуд бўлган. Фарқи шундаки, илгари йиғим фақат алоҳида муҳофаза қилинадиган зоналар, боғлар, қўриқхоналар ҳудудларига тақсимланган эди. Ҳозир эса ҳамма жойга таалуқли бўлади», — деди Қозоғистон Молия вазири Ерулан Жамаубаев парламентдаги брифингда.

2024 йилдан бошлаб теримчилар ўрмонга чиқишдан олдин маслиҳатга (маҳаллий ҳокимият вакиллик органи) билдиришнома юбориши ва тўловни амалга ошириши керак бўлади. Йиғимнинг ставкаси ва миқдори вилоятлар ва шаҳарлар масъуллари томонидан белгиланади.

«Ўсимлик дунёсидан махсус фойдаланиш тартибида ўсимлик ресурсларидан фойдаланиш ҳуқуқи ёввойи ўсимликларни йиғиш (териш) тўғрисида билдиришнома юборилган ҳолда ҳақ тўлаш шарти билан берилади. Ёввойи ўсимлик турларини йиққан шахслар ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 20-кунидан кечиктирмай йиғим-терим тўловини маҳаллий бюджетга тўлайдилар. Йиғим бўйича солиқ ҳисоботи тақдим этилмайди», — дейди Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитаси масъуллари.

Молия вазири солиқ барча фуқаролардан эмас, фақат тадбиркорлардан ундирилишини таъкидлади.

«Гап у ерда дори-дармон ишлаб чиқариш ёки улардан тижорат мақсадларида фойдаланишни йўлга қўйган тадбиркорлар ҳақида кетаяпти», — дея Жамаубаевнинг сўзларидан иқтибос келтиради Sputnik-Казахстан.

Ёзда меваларни териб, сотиб тирикчилик қиладиган катта оила солиқ тўлайдими, деган саволга Молия вазирлиги раҳбари «йўқ» жавоб берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ