Тожикистонга берилаётган инсонпарварлик ёрдами қарийб уч бараварга камайди

kun.uz сайти фотосурати

Жорий йилнинг биринчи чорагида Тожикистонга 19,2 миллион доллар миқдорида қарийб 10,3 минг тонна гуманитар ёрдам етказилган, бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан қиймати бўйича 2,7 баравар ва оғирлиги бўйича 2,1 баравар камдир, дея хабар беради «Азия-Плюс» 19 апрель куни мамлакат статистика бошқармаси маълумотларига таяниб.

Донор давлатлар сони ҳам 44 тадан 35 тага камайган.

Тожикистонга ёрдам Хитой (умумий ҳажмнинг 26,2 фоизи), Белгия (17,8 фоиз), АҚШ (15,8 фоиз), Қозоғистон (8,6 фоиз), Россия (7,9 фоиз), Туркия (5,6 фоиз), Ҳиндистон (2,9 фоиз), Ўзбекистон (2,6%), Дания (2,3%), Германия (2%) ва бошқа баъзи мамлакатлардан келган.

Тожикистон 2022 йили мисли кўрилмаган даражада катта миқдорда гуманитар ёрдам олган — умумий қиймати қарийб 141 миллион долларни ташкил этган.

Бунгача ёрдамнинг қиймати бўйича энг катта миқдори 2013 йили қайд этилган – у 87,4 миллион долларни ташкил этганди.

Расмийлар инсонпарварлик ёрдамининг муҳтожлар ўртасида тақсимлангани ҳақида оммавий ахборот воситаларига ҳеч қандай маълумот бермагани боис донор давлатлар томонидан Тожикистонга етказиб берилаётган юкларнинг кўпайиши ва камайишига нима сабаб бўлаётганини айтиш амримаҳол.

Ўтган йилнинг биринчи чорагида БМТ Афғонистондан эҳтимолий қочқинлар оқимига тайёргарлик кўриш мақсадида Ўзбекистон орқали Тожикистонга гуманитар ёрдам жўнатганини қўшимча қиламиз. Масалан, потенциал қочқинлар учун йиғма турар жой жиҳозлари, матраслар, ошхона жиҳозлари, пластмасса қопламалар ва бошқа зарур нарсалар юборилган. Бироқ, ўтган йили афғонлар оқими кузатилмади.