Тошкентнинг «Ҳумо» жамоаси хоккей бўйича Қозоғистон чемпионатида қолади

"Ҳумо" хоккейчилари. hchumo.uz сайти фотосурати

Тошкентнинг «Ҳумо» хоккей клуби навбатдаги мавсумни яна Қозоғистон чемпионатида (Pro Hokey Ligasi) ўтказади. Бу ҳақда клуб бош менежери Юрис Опульскис якуний матбуот анжуманида маълум қилди.

«Кейинги мавсумдаги вазифа — Pro Hokei Ligasy кубогини ютишдир. Бутун мураббийлар штаби кейинги мавсумда қолишади. Жамоанинг йиғини 1 июлга белгиланган», — деди Опульскис.

Хоккей бўйича мутахассис Александр Малишевнинг фикрича, ВХЛ (Бутунроссия хоккей лигаси)га бормасдан Қозоғистон чемпионатида қолиш қарори иқтисодий, шунингдек Россия атрофидаги кескин сиёсий вазият билан боғлиқ. Бундан ташқари, Малишев ВХЛдан воз кечиш учун спорт сабаби ҳам бор деб ҳисоблайди.

«Ўзбекистон миллий терма жамоасини шакллантириши керак ва дастлабки босқичда унинг таркиби ўзбек паспортини олган россияликлардан иборат бўлади (қолган ярми эса яқинда U18 Осиё ва Океания чемпионатида ғолиб чиққан маҳаллий ўйинчилардан). Спорт фуқаролигини ўзгартириш учун янги жойда 18 ой ишлаш керак. Агар ВХЛга борилса, таркиб камида тўртдан учга ўзгаради, бу ҳолат мақсадга эришишга имкон бермайди», — деб ёзади эксперт.

«Ҳумо» хоккей клуби 2019 йили профессионал даражага чиқди. Жамоа Ўзбекистон чемпионатида иштирок этди, гуруҳ босқичида ғолиб чиқди. Ўша йилнинг баҳорида тошкентлик футболчилар ВХЛга киришди ва уларнинг дубли Қозоғистон чемпионатига «Ҳумо-2» номи билан фаолият юритмоқда.

2019/2020-йилги мавсум якунларига кўра, «Ҳумо-2» Қозоғистон чемпионатида ўнинчи ўринни эгаллаб, плей-оффга чиқа олмади. Асосий жамоа янада муваффақиятли ўйнади ва Петров кубогининг чорак финалига чиқди. Аммо тошкентликлар коронавирус пандемияси туфайли Москванинг «Звезда» жамоасига қарши ўйинни якунлай олишмади.

2020 йил апрель ойида жамоа раҳбарияти COVID-19 пандемиясига қарши кураш бўйича дунёнинг аксарият давлатларида кўрилаётган қаттиқ чеклов чоралари туфайли «Ҳумо» ВХЛдаги мавсумни, «Ҳумо-2» эса Қозоғистон чемпионатини ўтказиб юборишини маълум қилганди. Ўтган йил июль ойида «Ҳумо» Қозоғистон чемпионатига қайтгани малум бўлди. Якунланган мавсумда «Ҳумо» мунтазам чемпионатда иккинчи ўринни эгаллади ва плей-офф финалига чиқди ва Остонанинг «Номад»ига мағлуб бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ