Бишкекда гимназия ўқувчиларининг митингидан сўнг бу ердаги барча ўқитувчилар ишдан бўшатилди

Бишкекдаги 1-сонли мактаб-интернатидаги митингга доир видеоёзувдан кадр

Бишкекдаги 1-сонли мактаб-интернатининг барча ўқитувчилари – 40 га яқин киши 17 апрель куни ўқув муассасаси ўқувчилари томонидан ўтказилган митингдан сўнг ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Akipress Қирғизистон пойтахти мэрияси таълим бўлими бошлиғи Айнура Арстамбековага таяниб хабар беради.

Аввалроқ, Бишкек мэрияси 1-сонли мактаб-интернатида идоралараро комиссия текшируви ўтказилгани, унда умумий овқатланиш соҳасидаги қўпол қоидабузарликлар, кадрлар ва ташкилий ишларга ягона ёндашув йўқлиги аниқлангани ҳақида хабар берган. Комиссия педагоглар жамоаси, Бишкек прокуратураси ва шаҳар кенгаши депутатларининг таълим муассасаси фаолиятидаги қонунбузарликлар тўғрисидаги мурожаатидан сўнг тузилган.

Гимназия директори Н. Матканова Қирғизистон Меҳнат кодексининг 83-моддаси («Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш») билан бир неча маротаба қўпол қоидабузарликлар содир этгани учун ишдан бўшатилган. Шу билан бирга, у ҳужжатларни топширишдан ва офисни бўшатишдан бош тортган, шунингдек директор вазифасини бажарувчининг ишига аралашган.

Бундан ташқари, шаҳар ҳокимлиги гимназиянинг собиқ раҳбариятини (директор ва бош ўқитувчи) ўзлари рухсатсиз яшаб учун эгаллаб олган икки қаватли муниципалитет биносидан чиқариб ташлаган.

Бишкек мэрияси гимназияни кўздан кечириб, уни етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болалар учун 71-сонли мактаб-интернатига бириктириш ва шу тариқа «Тоголок-Молдо номидаги Бишкек мактаб-комплекси»ни ташкил этиш орқали уни қайта ташкил этишга қарор қилган. Гимназия ўқитувчиларига яшаш жойи ва хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда Бишкекнинг бошқа мактабларида ишлар таклиф қилинган.

Бироқ, ўқитувчилар вазиятнинг бундай ривожланишига рози бўлишмаган. Улар ўзларига босим ўтказилаётгани ва ишдан бўшатишмоқчи бўлганларини айтишган. Улар мактаб-интернатларини бирлаштириш тезкорликда амалга оширилаётганидан ҳайрон қолишган. «Агар сиз иккита таълим муассасасини бирлаштиришга қарор қилган бўлсангиз, нега август ойида, таътил пайтида буни қилмадингиз? Деярли йил охирида бизни ишдан бўшатишяпти. Биз 9 ва 11-синф битирувчиларини имтиҳонга тайёрладик», деб тушунтиради ўқитувчилар.

Айнура Арстамбекованинг сўзларига кўра, ўқитувчилар «тўполон» қилмаслик ​​ ҳақида огоҳлантирилган, бироқ улар «болалар иштирокида саботаж ва митинглар ўтказиш вариантини танлашган».

17 апрель куни гимназия ўқувчилари ўқитувчиларни ишдан бўшатиш ва мактабни қайта ташкил этишдан воз кечишни талаб қилиб, плакатлар билан ҳовлига чиқишган.

Гимназиядаги вазият Қирғизистон Бош вазири Оқилбек Жапаров иштирокидаги мажлисда муҳокама қилинган. Ҳукумат раҳбари митинг ўтказилишини қаттиқ танқид қилган ва мактаб ўқувчиларини можароли вазиятларга жалб қилиш ва улардан фойдаланишга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаган.

Айнура Арстамбекова митингни ўқитувчилар ташкил қилганига ишончи комил.

«Уларнинг барчаси прокуратура тақдим этган моддага асосан ишдан бўшатилди. Бу ерда тинч митинглар ўтказиш тўғрисидаги қонун бузилган бўлиб, унда тинч йиғилишлар иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тадбирлар таълим муассасаларига юз метрдан яқин масофада ўтказиш мумкин эмаслиги кўрсатилган. Ўқитувчилар мактаб ҳудудида митинг ўтказишган ва бунга ўқувчиларни жалб қилишган, болалар олдиндан ёдланган сўзларни айтиб, совуқда плакатлар билан ташқарида туришган. Аввало, таълим тўғрисидаги қонун ўқитувчилар томонидан бузилган. Бу ўқувчиларни машғулотлардан чалғитиш, дарсларни бузишда намоён бўлган»,дейди Арстамбекова.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда гимназия ходимлар билан тўлиқ таъминланган, 36 ёшли Жиргалбек Қурманбеков янги директор этиб тайинланган. Таълим муассасаси қайта ташкил этиладими ёки йўқ, бу масалага аниқлик киритилмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ