Тўқаев ҳар бир муҳим инвестиция лойиҳасига прокурорни бирлаштиришни топширди

ТЎҚАЕВ МАЖЛИСДА. ҚОЗОҒИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатда амалга оширилаётган ҳар бир муҳим сармоявий лойиҳага прокуратура ходимини бирлаштириш зарурлигини таъкидлади. Бу ташаббус 19 апрель куни республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Тўқаевнинг сўзларига кўра, прокуратура органларининг жараёндаги ролини кучайтириш жамоавий жавобгарлик тизимини ўрнатиш ва давлат хизматчиларини нотўғри қарор қабул қилиш қўрқувидан озод қилиш имконини беради. Бундан ташқари, ушбу чора сармояларни жалб қилиш бўйича ишлар самарадорлигини оширади ва Қозоғистон лойиҳаларига сармоя киритган хорижий тадбиркорлар маблағлари хавфсизлиги кафолати бўлиб хизмат қилади.

«Буларнинг барчаси мамлакатимиздаги сармоявий муҳитни яхшилашга хизмат қилади, деб ўйлайман», – деди президент.

Ўтган йили Қозоғистонга 28 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий сармоя жалб этилган, бу сўнгги ўн йилдаги рекорддир.

Бу кўрсаткичларга қарамай, ҳукумат ва маҳаллий амалдорлар бу борадаги ишларни сезиларли даражада фаоллаштириши керак, деди Тўқаев.

Президент инвестицияларнинг энг катта ҳажми – умумий ҳажмининг 43 фоиздан ортиғи тоғ-кон саноатига тўғри келаётгани, ишлаб чиқариш саноатига йўналтирилган инвестициялар эса атиги бешдан бир қисмини ташкил этиши билан талабни асослаб берди.

«Бизга ўз эҳтиёжларимиз ва воқеликларимизга мослашувчи солиқ сиёсати, барча давлат хизматчиларининг юқори ҳаракатчанлиги ва молиявий тозалиги керак. Инвестицияларни жалб қилиш ва энг муҳими, уларни «ердан узилиб қолмаслик» тизимини яратиш зарур», — деди Тўқаев.

У 2022 йили республика иқтисодиёти 3,2 фоизга, жорий йилнинг уч ойида эса 4,9 фоизга ўсганига эътибор қаратди. Аммо бу рақамлар қониқиш ва некбинликни уйғотмаслиги керак, деди Токаев.

«Охирги ўн йил ичида иқтисодиётнинг инертцияли ўсиш суръатлари мамлакатимизнинг «ўрта даромад тузоғи»да қолиб кетишига олиб келди. Агар биз ҳозирданоқ сифатли иқтисодий ўсиш учун мустаҳкам пойдевор яратмасак, аҳоли даромадларининг турғунлиги узоқ эмас», – деди Президент.

Унинг Қозоғистон юқори даромадли давлатлар тоифасига ўтиши учун йиллик иқтисодий ўсишни 6 фоиз даражасида, яъни амалдаги кўрсаткичлардан бир ярим баравар юқори даражада таъминлаш зарурлигини қўшимча қилди.

Тўқаев, шунингдек инфляция масаласини ҳам кўтарди, унинг сўзларига кўра, февраль ойида энг юқори кўрсаткич 21,3 фоизга етган. Президентнинг аниқлик киритишича, республикада сўнгги 15 йил ичида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи мисли кўрилмаган даражада ошиб кетган. Шу муносабат билан у 2023 йили инфляцияни жиловлаш ва унинг даражасини икки баробарга камайтириш вазифасини қўйди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ