Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) агар ҳокимиятдаги «Толибон»* радикал ҳаракатини афғон аёлларини ташкилотнинг маҳаллий бўлимларида ишлашига кўндира олмаса, жорий йилнинг май ойидан Афғонистондаги барча лойиҳаларини ёпиб, чет эл ходимларини олиб чиқиб кетишга тайёр. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (БМТТД) раҳбари Аҳим Штайнер АР ахборот агентлигига маълум қилди.
Таъкидланганишича, айни пайтда ташкилот вакиллари толиблар билан афғон аёлларининг БМТнинг Афғонистондаги агентликларида фаолиятига қўйилган тақиқни бекор қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу тақиқ апрель ойининг бошида жорий қилинган. Ўшанда БМТнинг Афғонистондаги миссиясида 400 га яқин афғон аёли бўлган. Яна 200 нафар афғон аёллари БМТнинг бошқа агентликлари ва лойиҳаларида мунтазам ишлаб келишган. Шу билан бирга, толиблар тақиқидан ташкилотнинг Афғонистондаги 200 нафар хорижлик ходималари мустасно бўлган. Бироқ, маҳаллий ходимлар иштирокисиз БМТ кўплаб лойиҳаларни амалга ошира олмайди.
«Айтиш лозим, биз ҳозир бутун БМТ тизими орқага қадам ташлашга ва у ерда [Афғонистонда] ишлаш имконини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлаётган вазиятга тушиб қолдик— деди Штайнер.
«Ўйлайманки, [БМТнинг Афғонистондан чиқиб кетишини] таърифлаш учун қалб фарёдидан бошқа сўз бўлмаса келак. Зеро, БМТнинг Афғонистонда йўқлигини тасаввур қилганимда, кўз ўнгимда ейишга бир бурда нони йўқ миллионлаб қизлар, болалар, оталар, оналарнинг қиёфаси гавдаланади», — деди БМТ Тараққиёт дастури раҳбари.
У 2021 йил августида ҳокимиятни қўлга киритгач, толиблар БМТга Афғонистонда ўзининг гуманитар лойиҳаларини амалга оширишга рухсат берганини, бироқ кейинчалик бунинг учун доимо «имкониятларни торайтириб келишганини» эслатди.
Қайд этиш лозим, толиблар ҳокимиятни қўлга киритгач, аввалига бундай қадамларга бормасликка ваъда беришган бўлса-да, турли ёшдаги афғонларнинг ҳуқуқларини доимий равишда чеклаб келишмоқда. Жумладан, аёлларнинг кўпгина ишлар билан шуғулланиши тақиқланди, 12 ёшдан ошган қизларнинг мактабларда ўқишига йўл қўйилмади, ўтган йил декабрь ойидан бошлаб қизлар олий ўқув юртларида ўқиш имкониятидан маҳрум этилди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).