Бишкекнинг Первомайский туман суди ўта оғир жиноятда айбланган икки Тожикистон фуқаросидан бирини озод қилди. Бу ҳақда 18 апрель куни ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбаларига таяниб, 24.kg агентлиги хабар берди. Озодликка чиқарилган М.И. Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ходимидир.
Судя Убайдулла Сатимқулов суд жараёнида раислик қилган.
Тергов тожикистонликларга Қирғизистон Жиноят кодексининг «Қирғизистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтишнинг махсус қоидалари белгиланган ашёлар контрабандаси», «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг аналогларини сотиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш», «Жиноят уюшмаси тузиш ёки унда иштирок этиш» моддалари бўйича айблов қўйган.
«Тергов натижаларига кўра, [Тожикистон фуқароси] А.У. 2021 йили МДҲ давлатларига гиёҳванд моддаларни сотиш бўйича гуруҳ тузган. 2022 йил февраль ойида у тожикистонлик милиция ходими М.И. билан шартнома тузиб, Қирғизистонга гиёҳванд моддаларни олиб ўтишни ташкил қилган. Улар Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган», — дейди Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбалар.
Ўтган йилнинг март ойида А.У. ва М.И. божхона ва чегара постларини четлаб ўтиб, ноқонуний равишда Қирғизистонга келиб, Боткен вилояти, Лайлак тумани, Борбордук қишлоғида 9,674 кг гашиш ва 4,740 кг афюнни харидорга топширган. Апрель ойи бошида улар яна ноқонуний чегарани кесиб ўтиб, 7,490 грамм гашиш сотиш учун Жани-Жер қишлоғига келишган. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ўтган йил июнь ойида маълум қилишича, ҳар икки тожикистонлик яна 11 290 кг афюн ва 21 942 кг гашишни ноқонуний олиб ўтиш чоғида ҳибсга олинган. Шу билан бирга, Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ўз ходимининг қўшни давлат ҳудудида гиёҳванд моддалар билан ушлангани ҳақидаги хабарни рад этган.
Натижада суд A.У.ни Қирғизистон Жиноят кодексининг «Қирғизистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтишнинг махсус қоидалари белгиланган ашёлар контрабандаси», «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг аналогларини сотиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш», «Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш» моддалари бўйича айбдор деб топган. У 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Тожикистон милицияси ходими суд томонидан «Жиноят уюшмаси тузиш ёки унда иштирок этиш» моддаси бўйича оқланган. У «Жиноятни яшириш» ва «Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш» моддалари билан айбдор деб топилган. M.И.гa 200 минг сўм (2286 АҚШ доллари) миқдорида жарима солинган ва суд залида озод этилган.
Бундан ташқари, АКИпресс хабарига кўра, ҳукм 15 январь куни эълон қилинган, бироқ бу ҳақда энди маълум бўлган.