Шимолий Қозоғистон вилоятининг Петропавловск шаҳрида уч киши айирмачиликда айбланиб қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Қўлга олинганлар Қозоғистон Республикаси ташкил этилишининг қонунийлигини тан олмайдиган «Халқ кенгаши» гуруҳи аъзоларидир. Жорий йилнинг 19 март куни 20 кишилик гуруҳ йиғилиш ўтказиб, унда Қозоғистондан мустақил равишда халқ кенгаши ташкил этилганини эълон қилган эди. Йиғилиш иштирокчилари декларация қабул қилишган ва унда Қозоғистоннинг қонунийлигини тан олишмаган ва унинг мустақиллигини инкор этишган.
«Биз эмин-эркин одамлар, эркаклар ва аёллар, Шимолий Қозоғистон вилояти Петропавловск шаҳрининг меҳнаткаш аҳолиси, Қозоғистон Республикаси корпорациясининг сохта ҳуқуқий асослари туфайли, одамларнинг ҳаёти учун ноқулай шароитлар яратилганлиги, шунингдек агентларининг қобилиятсизлиги ва шафқатсизлиги туфайли биз мулкимиз ва ресурсларимизни бошқариш тизимининг барча таъсисчилари ва ходимларига тўлиқ ишончсизлик билдирамиз. Биз, халқ, ўз мустақиллигимиз, мухториятимиз ва суверенитетимизни эълон қиламиз», — дея бир аёл мурожаатномани ўқийди ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоёзувда.
30 март куни сепаратизм моддаси бўйича судгача тергов бошланган, жиноий иш қўзғатилган, идоралараро тергов-тезкор гуруҳи тузилган, процессуал прокурорлар тайинланган. Суд-психологик-филологик экспертиза ўқиб эшиттирилган баёнотда сепаратизм белгиларини аниқлаган.
««Халқ кенгаши»нинг уч нафар аъзосига нисбатан қўзғатилган жиноят иши материалларида тўпланган далилларга кўра, уларнинг қилмишлари Жиноят кодексининг 180-моддаси 2-қисми билан оммавий ахборот воситалари ва телекоммуникация тармоқларидан фойдаланган ҳолда Қозоғистон Республикасининг бирлиги ва яхлитлигини бузишга йўналтирилган ташвиқот ва оммавий чақириқ сифатида квалификация қилинади», — дея хабар берди Шимолий Қозоғистон вилояти прокуратураси.
Қайд этиш лозим, жиноят иши қўзғатилганидан сўнг «Халқ кенгаши» гуруҳи фаоллари уларни нотўғри тушунганликларини билдирган ҳолда янги видеомурожаат ёзишган: унда улар «олигархлар ва порахўр амалдорлардан иборат корпоратив таркибий қисмдан ўзларининг мустаққиллиги ва суверенитетини эълон қилишгани»ни иддао қилишган. Фаолларнинг фикрича, улар провокаторлар қурбонига айланишган, аслида Қосим-Жомарт Тўқаев курсини қўллаб-қувватлашади ва Қозоғистон ҳудудий яхлитлиги тарафдоридир. Ўзларига ва яқинларига таҳдидлар бўлаётганини қўшимча қилиб, президентдан «мамлакатдаги барча ижтимоий тармоқларни назоратга олиш ва провокаторларни аниқлашни» сўрашган.
«Халқ кенгаши» гуруҳи аъзоларидан кимлар қамоққа олингани ҳақида прокуратура аниқлик киритмаган. Қўлга олинганлар вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда, «йиғилишнинг бошқа иштирокчиларига нисбатан холис ва ҳар томонлама ҳуқуқий баҳо берилади». Вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув жараёни алоҳида назоратга олинган.