Қозоғистон Ўзбекистон билан ҳамкорликда тузилган экспорт-импорт компаниясини рўйхатдан ўтказди

potatosystem.ru сайти фотосурати

Қозоғистон Ўзбекистон билан ҳамкорликда ташкил этилган UZKAZTRADE экспорт-импорт компаниясини рўйхатдан ўтказди. Бу ҳақда Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлиги хабар берди.

Ташқи савдо компаниясини QazTrade ва UzTrade вакиллари 50/50 асосида бошқаради. UZKAZTRADE қозоғистонлик истеъмолчини улгуржи нархларда сабзавот ва мевалар билан таъминлайди, шу билан бирга воситачиларнинг узоқ занжирини йўқ қилади.

«Таъкидлаш жоиз, компания фойда олишни режалаштирмаяпти ва импорт қилинадиган маҳсулотларга тижорат маржаси деб аталувчи миқдорни қўшмоқчи эмас. Минимал маъмурий харажатларни қоплайдиган кичик маржа мумкин. Аммо етказиб бериш кўламини ҳисобга олсак, бу товарнинг якуний нархига жиддий таъсир кўрсатмайди», — дейди QazTrade директори Нурали Букейхонов.

У QazTrade Покистон ва Тожикистон билан ҳам шундай компаниялар яратишини қўшимча қилди.

«Қозоғистон иштирокидаги экспорт-импорт компаниялари ижтимоий-тадбиркорлик корпорациялари ва йирик савдо тармоқларига ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар етказиб беради. Шу билан бирга, қўшма корхоналар ҳеч қандай имтиёзларга эга эмас. Таклиф этилаётган маҳсулотларнинг нархи ўртача бозор нархидан паст бўлган тақдирдагина харид амалга оширилади. Бундай ёндашув айрим товарлар бўйича инфляцияни ушлаб туришга ёрдам беради», — деди QazTrade ягона акциядори бўлган Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлиги.

Шунингдек, қўшма компаниялар Қозоғистон унини, мева-сабзавот ва ёғ-мой маҳсулотларини Ўзбекистон, Покистон ва Тожикистонга экспорт қилиши кутилмоқда, бироқ бозор шароитида.

ℹ️ 2022 йил якунига кўра Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард долларга етган, бу ундан аввалги йилга нисбатан 29,8 фоизга (3,8 миллиард доллар) кўпдир. Томонлар бу кўрсаткични 10 миллиард долларга етказишни режалаштирган ва бу янги ташқи савдо компанияси ҳисобига амалга оширилиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ