Толиблар Афғонистоннинг икки вилоятидаги барча хусусий таълим муассасаларини ёпди

Университетдаги афғон талаба қизлари. БМТ сайти фотосурати

«Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган Афғонистон ҳукуматидаги Таълим вазирлиги мамлакат жанубидаги Қандаҳор ва Ҳилманд вилоятларидаги барча хусусий таълим муассасаларини ёпди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали Қандаҳор таълим департаменти вакили Вакил-Аҳмад Мутавакелга (Wakil Ahmad Moutawakel) таяниб хабар берди.

Хусусий бошланғич ва ўрта мактаблар, ўқув марказлари ва университетларни ўз ичига олган таълим муассасаларининг ёпилишига «таълим режалари ва ўқув тадбирларининг текширилиши» сабаб бўлган. Таълим вазирлиги Қандаҳор ва Ҳилмандга текшириш учун махсус комиссиялар юборган.

Мазкур вилоятлардаги айрим хусусий таълим муассасалари ходимлари телеканалга ҳокимият буйруғи билан фаолияти тўхтатилгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлаганлар.

Таъкидлаш жоиз, толиблар 2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, мамлакат аҳолиси, айниқса қизлар ва аёлларнинг турли даражадаги таълим олиш имкониятини доимий равишда чеклаб келишмоқда. Масалан, 2021 йил августидан бошлаб 12 ёшдан ошган қизларнинг мактабларда ўқиши тақиқланган. Ўтган йил декабрь ойидан бошлаб қизларнинг олий ўқув юртларида ўқиши ман этилди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ