Афғонистонда Қозоғистон савдо уйи очилади, Остонада афғон элчихонаси ўз фаолиятини тиклайди

ТОЛИБЛАР ВАКИЛЛАРИ ҚОЗОҒИСТОНЛИК ДЕЛЕГАТЛАР БИЛАН УЧРАШУВДА. РRIMEMINISTER.KZ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Афғонистонда Қозоғистон савдо уйи очилади, унинг бош офиси мамлакат ғарбидаги Ҳирот шаҳрида жойлашади. Бу ҳақда Қозоғистон ҳукумати раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Савдо уйи очилиши Кобулда бўлиб ўтган Қозоғистон-Афғонистон бизнес-форумида эълон қилинди. Форумда Қозоғистон Бош вазирининг ўринбосари, Савдо ва интеграция вазири Серик Жумангарин ҳамда озиқ-овқат саноатининг (ун, макарон, қандолат, ичимликлар ва сут маҳсулотлари) 18 нафар Қозоғистон тадбиркор-экспортчилари иштирок этди.

«Савдо уйининг асосий вазифалари икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва фаоллаштириш, Қозоғистон ва Афғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, минтақавий савдо-иқтисодий, телекоммуникация, транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш, Афғонистоннинг транзит ва чегара салоҳиятидан фойдаланишдан иборатдир»,— дейилади матбуот хизмати хабарида.

Савдо уйи Қозоғистон ва Афғонистонда «В2В» форматидаги тадбирларни ташкил этишни таъминловчи икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги майдонга айланиши кутилмоқда.

«Бунинг учун унинг негизида экспорт қилинадиган маҳаллий товар ва хизматлар, савдо соҳасидаги қонунчилик, маркетинг тадқиқотлари ўтказиш ҳамда ривожланиш истиқболлари ва муаммоли масалаларни таҳлил қилиш, Қозоғистон ва Афғонистон ишбилармон доиралари учун тавсиялар ишлаб чиқиш ва бошқа масалалар бўйича консалтинг маркази ташкил этилади», — дея изоҳ беради матбуот хизмати.

Ўз навбатида, «Толибон»* радикал ҳаракати ҳукуматидаги иқтисодий масалалар бўйича Бош вазир ўринбосари мулла Абдул-Ғани Барадар томонлар Остонада Афғонистон дипломатик миссияси фаолиятини қайта тиклашга келишиб олганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Қозоғистон томони толиблар томонидан элчихонада ишлаш учун юборилган дипломатларни қабул қилишга ваъда берган. Қозоғистон бу маълумотга ҳали расман изоҳ бермади.

Толиблар бир ярим йилдан бери Афғонистонда назорат ўрнатганига қарамай, уларнинг ҳукуматини дунёнинг ҳеч бир давлати тан олмаган. Бироқ, аввалроқ Афғонистоннинг Россия, Хитой, Туркманистон, Эрон ва Покистондаги элчихоналари уларнинг назоратига ўтган эди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ