Эрон суди 2020 йили уриб туширилган Украина самолёти бўйича ҳукм чиқарди

Зуриб туширилган Украина самолёти иши бўйича суд жараёни. ИРНА сайти фотосурати

Эрон суди ҳаво ҳужумидан мудофаа комплексига масъул бўлган ва 2020 йили Теҳрон яқинида Украинанинг Boeing 737-800 йўловчи самолётини ракеталар билан уриб туширишдек хатоликка йўл қўйган 10 нафар ҳарбийга нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда маҳаллий ИРНА ахборот агентлиги хабар берди.

Маҳкумларнинг исми-шарифи кўрсатилмаган. Ишга алоқадор ҳарбий хизматчиларнинг фақат мартаба ва лавозимлари аниқланган.

Украина самолётини «Тор-М1» зенит-ракета тизимининг иккита ракетаси билан уриб туширишга асосий айбдор деб ҳаво мудофааси тизимининг қўмондони тан олинган. У барча судланганлар орасида энг оғир жазони олган – «буйруқни бажармаганлиги учун» 13 йил қамоқ жазоси.

Суд аниқлаганидек, «Тор-М1» комплекси қўмондони қўмондонлик пункти рухсатисиз фуқаро самолётини душман деб аниқлаган ва унга қарата ракеталар йўналтирган. Бу мақсадни нотўғри аниқлаш туфайли беихтиёр амалга оширилган иш, дея таъкидлайди суд. Шунингдек, айбдор қурбонларнинг оилаларига товон пули тўлаши керак бўлади.

Ислом инқилоби қўриқчилари гвардияси корпуси ҳаво кучлари ва Теҳрон ҳаво ҳужумидан мудофаа зонасининг собиқ қўмондонлари (ҳар бири бир йил қамоқ жазоси), Теҳрон минтақавий операцияларни бошқариш марказининг собиқ раҳбари (бир ярим йил), Теҳрон ҳаво мудофааси базаси қўмондони ва Теҳрон оператив штабининг навбатчиси (ҳар бири икки йил), «Тора» қўмондонлик пункти учун масъул (уч йил) ва комплексни бошқарган ходимлар (бир йилдан уч йилгача) қамоққа маҳкум этилган.

Эслатиб ўтамиз, «Украина халқаро ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг Boeing 737-800 йўловчи самолёти 2020 йил 8 январь куни уриб туширилган эди. Унда 176 киши, жумладан, Украина, Эрон, Канада ва бошқа мамлакатлар фуқаролари ҳалок бўлган.

Фалокат Теҳрон эронлик генерал, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши муносабати билан жавоб чораларини кўрганидан бир неча кун ўтиб содир бўлган. Генерал 3 январга ўтар кечаси Бағдод аэропортида АҚШ учувчисиз учоқларининг зарбаси натижасида ҳалок бўлганди. Бунга жавобан Эрон АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базаларига ракета зарбаларини берган ва АҚШдан ўз ҳудудига жавоб ҳужумларини кутган ҳолда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини юқори шай ҳолатига келтирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ