Эронда ўтган йили 580 дан ортиқ киши қатл этилган

Намойишда иштирок этгани учун қатл қилинган Муҳаммад Меҳди Карами ва Муҳаммад Ҳуссейни. svoboda.org сайти фотосурати

Эронда ўтган йили камида 582 киши қатл этилган. Deutsche Welle (нашр Россия Федерациясида чет эл агенти сифатида тан олинган) хабар қилган «Эрон ҳуқуқлари» ва «Биргаликда ўлим жазосига қаршилик» инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоботига кўра, бу 2015 йилдан бери энг юқори кўрсаткични билдиради.

2021 йили ҳуқуқ ҳимоячилари қайд этган 333 та қатлга нисбатан ўсиш 75 фоизни ташкил этган.

Қатл этилганларнинг ярмидан кўпи гиёҳванд моддалар сабаб, 49 фоизи қотилликда айбланиб, ўлимга ҳукм қилинган.

«Эрон ҳуқуқлари» ташкилоти раҳбари Маҳмуд Амири-Муғаддам (Mahmood Amiry-Moghaddam) нинг айтишича,

«Эрондаги ҳар бир қатл, айбловлардан қатъи назар, сиёсийдир. Ҳукумат одамлар орасида қўрқувни кучайтириш учун ҳам сиёсий бўлмаган айбловлар билан қатлларни кучайтирган».

Ҳисобот муаллифлари ўлим жазосини эълон қилишда шаффофлик йўқлигини таъкидлайдилар. Уларга кўра, барча қатлларнинг 88% дан ортиғи расмийлар томонидан расман эълон қилинмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил Эронда ҳукуматга қарши оммавий норозилик ҳаракатлари ва хавфсизлик кучларининг қаттиқ бостирилиши билан ажраб турди. Намойишларнинг сўнгги тўлқини сентябрь ойи ўрталарида 22 ёшли Маҳса Амини вафотидан кейин юзага келган. Аҳлоқ полицияси «нотўғри ҳижобдаги» қизни ҳибсга олади ва қиз полициядан реанимацияга тушиб қолади ва у ерда вафот этган. Гувоҳларнинг таъкидлашича, қиз полиция бўлимида калтакланган.

Эроннинг йирик шаҳарларида намойишлар декабрь бошигача давом этди. Ҳукуматга қарши ҳаракатларни бостириш пайтида юзлаб одамлар ҳалок бўлган, минглаб одамлар хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олинган. Намойишларда қатнашгани учун камида тўрт киши қатл этилган, юздан ортиғи эса ўлим жазосини кутмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ